"Адвокатсиз гапирмайман!": Терговчи билан мулоқотда ўз ҳуқуқларини қандай ҳимоя қилиш лозим?

1. Процессуал мақомингизни ва чақирув қонунийлигини аниқланг Чақирув қоғози (повестка) шунчаки расмиятчилик эмас, у юридик ҳужжатдир. Ҳужжатни олганда қуйидагиларга эътибор беринг: • Чақирув шакли: Чақирув қоғози почта орқали жўнатилади ёки чопар орқали топширилади. Чақирув телефонограмма, телеграмма, радиограмма билан ёки телефакс орқали ҳам бўлиши мумкин. • Процессуал мақом: Сизни қандай мақомда чақиришаётганини аниқланг (гувоҳ, гумон қилинувчи, жабрланувчи). Чақирув қоғозида ким сифатида, қайси манзилга ва кимнинг ҳузурига чақирилаётганлиги, қайси кунда ва қайси соатга келиши кераклиги кўрсатилиш шарт. • Ҳуқуқий фарқ: Гувоҳ ёлғон кўрсатма берганлик учун жиноий жавобгарликка тортилади. Гумон қилинувчи ёки айбланувчи эса ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга ва кўрсатувлар беришдан бош тортиши мумкин. 2. Конституциявий "Сукунат сақлаш" ҳуқуқидан фойдаланинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 28-моддасига мувофиқ, ҳеч ким ўзига ва яқин қариндошларига қарши кўрсатма беришга мажбур эмас ("Миранда қоидаси"нинг миллий аналоги). Терговчи сизга психологик босим ўтказишга ёки "шунчаки суҳбатлашиш" ниқоби остида маълумот олишга уриниши мумкин. Адвокатингиз келгунига қадар ёки вазиятга тўлиқ ҳуқуқий баҳо берилгунича Конституциявий ҳуқуқингиздан фойдаланинг. 3. Адвокат (Ҳимоячи) иштирокини таъминланг "Менинг айбим йўқ, ўзим тушунтираман" деган ёндашув — тергов тизимидаги энг катта хатодир. Сиз жараённинг ҳар қандай босқичида адвокат хизматидан фойдаланишга ҳақлисиз. • Адвокат терговчиининг саволлари қонунийлигини назорат қилади, сизга берилаётган яширин (тузоқ) саволларни четлатади ва процессуал ҳуқуқларингиз бузилишининг олдини олади. • Қонунчилик кщра гувоҳ ва жабрланувчиларга ҳам сўроқ пайтида ўз адвокати билан иштирок этиши мумкин. 4. Сўроқ баённомасини муҳим жиҳатлари Сўроқ тугагач, терговчи сизга Сўроқ қилиш баённомасини тақдим этади. Бу жиноят ишининг энг муҳим далилларидан биридир. • Баённомани сўзма-сўз, шошилмасдан ўқинг. Терговчи сўзларингизни ўзгартириб, "юридик тилга" солиб ёзган бўлса, тузатиш киритишни талаб қилинг. • Агар терговчи босим ўтказган бўлса, саволлар нотўғри берилган бўлса ёки сиз айтмаган гаплар ёзилган бўлса, баённоманинг "Эътирозлар ва қўшимчалар" қисмига барчасини ўз қўлингиз билан ёзиб қолдиринг. • Ҳужжатдаги ҳар қандай бўш қаторларни ўчиришни талаб қилинг. 5. Сабабсиз келмасликнинг ҳуқуқий оқибатлари Қонуний тартибда юборилган чақирувга узрли сабабларсиз бормаслик салбий оқибатларга олиб келади. • Чақирувни эътиборсиз қолдирган шахс ички ишлар органлари томонидан мажбурий тартибда (ушлаб) олиб келиниши мумкин. • Агар касаллик (стационар даволаниш), яқин қариндошнинг вафоти ёки хизмат сафари каби узрли сабаблар бўлса, бу ҳақда терговчини расман (тасдиқловчи ҳужжат билан) олдиндан хабардор қилиб, жараённи бошқа муддатга кўчириш сўранг.