Жавобгарликдан ва жазодан озод қилиш

Жиноий жавобгарликдан озод қилиш билан жиноий жазодан озод қилишнинг қандай фарқлари бор? Жиноий жавобгарликдан озод қилиш ва жиноий жазодан озод қилиш тушунчалари бир-биридан мазмуни, қўлланилиши ва ҳуқуқий оқибатларига кўра фарқ қилади. Жиноий жавобгарликдан озод қилиш – бунда давлат шахснинг қилмишини жиноят деб ҳисобласада, бироқ қонунда белгиланган асослар ва сабабларга кўра, уни жиноий жавобгарликка тортишни охирига етказмайди. Масалан, жавобгарликка тортиш муддатининг ўтиб кетганлиги (Жиноят кодекси 64-моддаси), қилмиш ёки шахснинг ижтимоий хавфлилигини йўқотганлиги (ЖК 65-моддаси), айбдор ўз қилмишига амалда пушаймон бўлганлиги (ЖК 66-моддаси), томонларнинг ярашганлиги муносабати билан (ЖК 66¹-моддаси), касаллик туфайли жавобгарликдан озод қилиш (ЖК 67-моддаси) ва амнистия акти асосида жавобгарликдан озод қилиш (ЖК 68-моддаси). Жиноий жазодан озод қилиш - шахснинг жинояти тўлиқ исботланиб, суднинг айблов ҳукми чиқади, унга муайян жазо тури белгиланади, бироқ давлат маълум шартлар ёки инсонпарварлик тамойиллари асосида жазони ижро этишдан воз кечади. Масалан, жазони ижро этиш муддати ўтиб кетганлиги муносабати билан жазодан озод қилиш (Жиноят кодекси 69-моддаси), шахснинг ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотиши (ЖК 70-моддаси), айбдор ўз қилмишига амалда пушаймон бўлганлиги муносабати билан жазодан озод қилиш (ЖК 71-моддаси), шартли ҳукм қилиш (ЖК 72-моддаси), касаллик ёки меҳнат қобилиятини йўқотиш оқибатида жазодан озод қилиш (Жиноят кодекси 75-моддаси). Жиноий жавобгарликдан озод қилиш билан жиноий жазодан озод қилишни қуйидаги мезонларга кўра фарқлаш мумкин: Жиноий жавобгарликдан озод қилиш: суд ҳукмига қадар (тергов ёки суд томонидан) кўриб чиқилади; шахсга нисбатан айблов ҳукми эълон қилинмайди; шахсга жазо тайинланмайди; шахс судланмаган ҳисобланади; қонунда белгиланган тартибда суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд томонидан қўлланилади. Жиноий жазодан озод қилиш: фақат суд томонидан шахс айбдор деб топилиб, ҳукм чиқарилгандан кейин қўлланилади; шахс расман жиноят содир этишда айбдор деб топилади ва унга нисбатан ҳукм чиқарилади; суд жазо тайинлайди, бироқ қонунда кўрсатилган асосларга кўра жазони ўташдан (тўлиқ ёки қисман) озод қилади; шахс судланган деб ҳисобланиши ёки қонунда белгиланган ҳолларда судланганлик белгиси бўлмаслиги мумкин. Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, жавобгарликдан озод қилишда иш суд ҳукмисиз ва жазосиз тугатилади, жазодан озод қилишда эса, суд ҳукми чиқарилиб, айбдорлик белгиланади, лекин тайинланган жазони ўташдан (ёки унинг бир қисмидан) воз кечилади.