Бош саҳифа/Адвокатлар/Мақолалар
Advokat KeraK
Жиноят ҳуқуқи

Қасддан одам ўлдириш ва одам ўлимига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш жиноятлари

Муаллиф: Озодбек Нематиллаев12 окт, 20261
Қасддан одам ўлдириш ва одам ўлимига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш жиноятлари
Қасддан одам ўлдириш ва одам ўлимига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш жиноятларининг ҳуқуқий тавсифи

Инсон ҳаёти ва соғлиғини жиноий тажовузлардан муҳофаза қилиш жиноят қонунчилигининг муҳим вазифаларидан биридир. Инсон ҳаётига қарши қаратилган қасддан одам ўлдириш жинояти билан жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш жинояти ташқи белгиларига кўра ўхшаш бўлсада, бироқ уларнинг ҳуқуқий табиати ва квалификация қилиш мезонлари бир-биридан фарқ қилади. Қасддан одам ўлдириш жиноятининг ҳуқуқий тавсифи Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддасида қасддан одам ўлдириш жинояти учун жиноий жавобгарлик белгиланган. Мазкур жиноят бошқа инсонни ҳаётдан қасддан маҳрум қилишда ифодаланади. Ушбу жиноятнинг бевосита объекти инсон ҳаёти ҳисобланади. Объектив томони жабрланувчининг ўлимига олиб келган ҳаракат ёки ҳаракатсизликда намоён бўлади. Жиноятнинг субъектив томони қасд билан тавсифланади. Бунда айбдор ўз ҳаракатининг ижтимоий хавфли хусусиятини англаши, унинг оқибатларини олдиндан кўра билиши ҳамда ўлим юз беришини исташи ёки онгли равишда йўл қўйиши мумкин. Жиноят кодексининг 97-моддаси биринчи қисмида оддий таркибдаги қасддан одам ўлдириш учун ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган. Иккинчи қисмида эса жиноятнинг оғирлаштирувчи ҳолатлари, жумладан, икки ёки ундан ортиқ шахсни ўлдириш, ҳомиладорлиги айбдорга аён бўлган аёлни ўлдириш ва бошқа ҳолатлар белгиланган. Бундай ҳолатларда жазо оғирроқ бўлади. Ўлимга сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш Жиноят кодексининг 104-моддаси қасддан баданга оғир шикаст етказиш учун жавобгарликни белгилайди. Ушбу модданинг учинчи қисми «д» бандида жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган оғир шикаст етказиш учун жавобгарлик назарда тутилган. Мазкур жиноятда айбдорнинг қасди жабрланувчини ўлдиришга эмас, балки унинг соғлиғига оғир зарар етказишга қаратилган бўлади. Бироқ етказилган жароҳат натижасида жабрланувчи вафот этади. Шу сабабли жиноятни квалификация қилишда айбдорнинг ўлимга нисбатан руҳий муносабатини аниқлаш муҳим аҳамият касб этади. Бунда жабрланувчига етказилган жароҳатнинг оғирлик даражаси, ўлим билан жароҳат ўртасидаги сабабий боғланиш ҳамда айбдорнинг қасди ва эҳтиётсизлигига оид ҳолатлар далиллар асосида баҳоланади. Мазкур жиноятларнинг ўзаро фарқи Қасддан одам ўлдириш ва одам ўлимига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш жиноятларини фарқлашда асосий мезон айбдорнинг жабрланувчи ўлимига нисбатан субъектив муносабатидир. Қасддан одам ўлдиришда айбдорнинг қасди инсон ҳаётини тугатишга қаратилган бўлади. Ўлимга сабаб бўлган қасддан оғир шикаст етказишда эса, қасд тан жароҳати етказишга қаратилган бўлиб, ўлим оқибатига нисбатан айбдорнинг муносабати эҳтиётсизлик шаклида намоён бўлиши мумкин. Мазкур фарқни аниқлашда қуйидаги ҳолатлар муҳимдир: жароҳат етказиш усули ва қуролнинг хусусияти; жароҳатларнинг сони, жойлашуви ва оғирлик даражаси; айбдор ва жабрланувчи ўртасидаги муносабатлар; воқеадан олдинги ва кейинги ҳаракатлар; айбдорнинг жабрланувчи ўлимига нисбатан нияти ва муносабати; суд-тиббий экспертиза хулосаси ҳамда бошқа далиллар. Ушбу ҳолатларнинг ҳеч бири якка ҳолда айбдорнинг қасдини автоматик равишда белгиламайди. Улар ишда тўпланган барча далиллар мажмуи асосида баҳоланиши лозим. Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, қасддан одам ўлдириш ва жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш жиноятларини тўғри квалификация қилишда айбнинг шакли, айбдорнинг қасди нимaгa қаратилгани ва ўлимга нисбатан руҳий муносабатини аниқлаш ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Ҳуқуқни қўллаш амалиётида иш ҳолатларини ҳар томонлама, холис ва тўлиқ ўрганиш, суд-тиббий экспертиза хулосаларига баҳо бериш ҳамда далилларни қонун талаблари асосида текшириш адолатли ҳуқуқий қарор қабул қилишнинг муҳим шарти ҳисобланади.

Ушбу мақола адвокатнинг шахсий фикри бўлиб, умумий маълумот учун. Аниқ ҳолат бўйича адвокат билан бевосита маслаҳатлашинг.
Барча мақолаларАдвокат профилини очиш →