Главная/Адвокаты/Блог-посты
Advokat KeraK
Уголовное право

Шартли ҳукм қилиш асослари ва шартлари

Автор: Озодбек Нематиллаев5 нояб. 202614
Шартли ҳукм қилиш асослари ва шартлари
Суд томонидан шартли ҳукм қилиш асослари ва шартлари

Шартли ҳукм қилиш асослари ва шартлари Жиноят қонунчилигида шартли ҳукм қилиш институти шахсни жамиятдан ажратмаган ҳолда, уни ахлоқан тузатишга қаратилган муҳим ҳуқуқий чоралардан бири ҳисобланади. Бу жараён Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 72-моддаси билан тартибга солинади. Шартли ҳукм қилиш — суд томонидан шахсга нисбатан айблов ҳукми чиқарилиб, тайинланган жазо шартли ҳисобланиши ва жазони ўташдан шартли равишда озод этилишини англатади. Суд томонидан шартли ҳукм қўлланилиши учун қуйидаги ҳуқуқий асослар мавжуд бўлиши шарт: Жазо турлари: шартли ҳукм фақат ахлоқ тузатиш ишлари, хизмат бўйича чеклаш, интизомий қисмга жўнатиш ёки озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланганда қўлланилиши мумкин. Шахснинг ижтимоий хавфлилик даражаси ва қилмиш хусусияти: суд содир этилган жиноятнинг оғирлик даражасини, айбдорнинг шахсини ва унинг тузалиши учун жамиятдан ажратмаган ҳолда таъсир кўрсатиш мумкинлигини ҳисобга олади. Қуйидаги шахсларга шартли ҳукм қўлланилмайди: ўта оғир жинояти учун ҳукм қилинганларга; илгари қасддан содир этган жинояти учун озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилинганларга. Ушбу қоидадан ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, аёллар, шунингдек олтмиш ёшдан ошган шахслар мустасно. Бунда шартли ҳукм қилиш боланинг ўлимига сабаб бўлган қасддан жиноят содир этган шахсга нисбатан қўлланилмайди. Шартли ҳукм қилинган шахсларга нисбатан бир йилдан уч йилгача синов муддати белгиланиши мумкин ва бу муддат ҳукм чиқарилган кундан бошлаб ҳисобланади. Суд синов муддати давомида маҳкумнинг зиммасига муайян вақт мобайнида етказилган зарарни бартараф қилиш, ишга ёки ўқишга кириш, яшаш жойи, иш ёки ўқиш жойи ўзгариб қолса, бу ҳақда шартли ҳукм қилинган шахснинг хулқи устидан назорат олиб борувчи органга хабар бериб туриш, вақти-вақти билан келиб бу органларда рўйхатдан ўтиб туриш, муайян жойларда бўлмаслик, муайян вақтда яшаш жойида бўлиши, алкоголизм, гиёҳвандлик, заҳарвандлик ёки таносил касаллигидан даволаниш курсини ўташи каби мажбуриятларни юклаши мумкин. Башарти маҳкум синов муддати давомида зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажармаса ёхуд жамоат тартиби ёки меҳнат интизомини бузганлиги учун унга маъмурий ёки интизомий таъсир чораси қўлланилган бўлса, суд унинг хулқи устидан назорат олиб борувчи орган тақдимномасига биноан жазонинг шартлилигини бекор қилиб, ҳукмда тайинланган жазони ижро этиш тўғрисида ажрим чиқариши мумкин. Шартли ҳукм қилинганларга нисбатан синов муддати тугаган кундан бошлаб шахснинг судланганлиги тугалланади.

Блог-пост отражает личное мнение адвоката и носит общий информационный характер. По конкретной ситуации проконсультируйтесь с адвокатом напрямую.
Все блог-постыОткрыть профиль адвоката →