Главная/Адвокаты/Блог-посты
Advokat KeraK
Уголовное право

ЎЗБЕКИСТОН ҚОНУНЧИЛИГИДА ЯНГИ ЎЗГАРИШЛАР: ЖАВОБГАРЛИК, ҲУҚУҚИЙ ҲИМОЯ ВА ФУҚАРОЛАР УЧУН МУҲИМ ЯНГИЛИКЛАР

Автор: Шоядбек Расулов5 нояб. 202619
ЎЗБЕКИСТОН ҚОНУНЧИЛИГИДА ЯНГИ ЎЗГАРИШЛАР: ЖАВОБГАРЛИК, ҲУҚУҚИЙ ҲИМОЯ ВА ФУҚАРОЛАР УЧУН МУҲИМ ЯНГИЛИКЛАР
Қонунчиликдаги сўнгги янгиликлар

ЎЗБЕКИСТОН ҚОНУНЧИЛИГИДА ЯНГИ ЎЗГАРИШЛАР: ЖАВОБГАРЛИК, ҲУҚУҚИЙ ҲИМОЯ ВА ФУҚАРОЛАР УЧУН МУҲИМ ЯНГИЛИКЛАР

2026 йил ноябрь ойида Ўзбекистон қонунчилигида бир қатор муҳим ўзгаришлар кучга кирди. Ушбу ўзгаришлар жиноий ва маъмурий жавобгарлик, ёнғин хавфсизлиги, пенсия таъминоти, жамоат тартиби ҳамда тадбиркорлик фаолиятига тааллуқлидир.

Айниқса, экстремизмга қарши курашиш соҳасидаги янги нормалар ҳуқуқни қўллаш амалиётида алоҳида аҳамият касб этади.

1. Экстремизм учун жавобгарлик қайта кўриб чиқилди

2026 йил 2 ноябрдаги ЎРҚ–1185-сон Қонун билан Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли ўзгартиришлар киритилди.

Янги нормаларга мувофиқ, экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотларда иштирок этиш учун 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди.

Шунингдек, экстремизм, сепаратизм ёки ақидапарастлик ғояларини тарғиб қилувчи айрим материалларни тарқатиш мақсадида тайёрлаш ёки сақлаш, шунингдек, тақиқланган ташкилотлар рамзларини тарқатиш ёхуд намойиш этиш мақсадида тайёрлаш ва сақлаш учун маъмурий жавобгарлик белгиланди.

Бунда фуқароларга нисбатан БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 100 бараваридан 150 бараваригача жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин.

Яна бир муҳим янгилик — Адлия вазирлиги томонидан экстремистик ташкилотлар ва материалларнинг очиқ электрон реестри юритилиши назарда тутилди.

2. Ёнғин хавфсизлиги талабларини бузганлик учун янги жарималар

2026 йил 2 ноябрда ЎРҚ–1186-сон Қонун қабул қилинди.

Мазкур қонун билан ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги айрим талабларни бузганлик учун янги маъмурий жавобгарлик чоралари белгиланди.

Жумладан, ёнғин хавфсизлиги аудитини ўтказиш талабларини бузганлик учун фуқароларга БҲМнинг 15 баравари, мансабдор шахсларга эса 30 баравари миқдорида жарима белгиланган.

Айрим объектларни мажбурий суғурталаш талабларига риоя этмаслик учун мансабдор шахсларга БҲМнинг 50 бараваридан 75 бараваригача жарима қўлланилиши мумкин.

Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур қонуннинг ушбу нормалари 2027 йил 5 февралдан кучга киради.

3. 1 ноябрдан пенсия ва ижтимоий соҳадаги ўзгаришлар

2026 йил 1 ноябрдан айрим тоифадаги фуқароларга пенсия тайинлаш тартиби соддалаштирилди.

Жумладан, зарарли ва оғир меҳнат шароитларида ишлаган, шунингдек, пенсия ёшини қисқартириб пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга айрим хизматлар проактив шаклда кўрсатилади.

Бу фуқароларнинг ортиқча оворагарчилигини камайтириш ва давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.

4. SMS-реклама ва телефон қўнғироқларига чекловлар

Тадбиркорлик ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида ҳам муҳим ўзгаришлар амалга киритилди.

Эндиликда товарлар, ишлар ва хизматларни SMS орқали реклама қилиш учун абонентнинг олдиндан ёзма ёки электрон розилигини олиш талаб этилади.

Бундан ташқари, мобил алоқа орқали реклама қўнғироқлари ва хабарларини соат 18:00 дан 09:00 гача тарқатиш тақиқланди.

Абонентнинг талабига кўра, мобил алоқа операторлари бундай қўнғироқ ва хабарларни тўлиқ ёки қисман блоклаши шарт.

ХУЛОСА

Қонунчиликдаги мазкур ўзгаришлар бир томондан жамоат хавфсизлиги ва ҳуқуқий тартибни мустаҳкамлашга, иккинчи томондан эса фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган.

Шу билан бирга, ҳар қандай янги ҳуқуқий нормани амалиётда қўллашда унинг кучга кириш санаси, ҳуқуқбузарлик таркиби ва қонунда белгиланган тартиб-таомилларга алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Қонунни билиш — ҳуқуқни ҳимоя қилишнинг биринчи қадамидир.

Блог-пост отражает личное мнение адвоката и носит общий информационный характер. По конкретной ситуации проконсультируйтесь с адвокатом напрямую.
Все блог-постыОткрыть профиль адвоката →