Главная/Адвокаты/Блог-посты
Advokat KeraK
Другое

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА СУДЪЯЛАРНИНГ ИНТИЗОМИЙ ЖАВОБГАРЛИГИ

Автор: Темур Каримов19 нояб. 20269
Мазкур мақолада Ўзбекистон Республикасида судъяларни интизомий жавобгарликка тортиш, юридик жавобгарликнинг бир тури сифатидаги аҳамияти, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида судъяларни интизмий жавобгарликка тортиш меҳанизми қай даражада белгиланганлиги, судъяларни интизомий жавобгарлигининг бошқа

Сўнги йилларда суд-ҳуқуқ тизимини ривожлантириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини одил судлов йўли билан ишончли кафолатлаш ва суд ҳокимиятида судъялар ролини ошириш борасида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди. Албатта бу ўзгаришлар суд амалиётида ўз натижасини кўрсатди. Жумладан ноҳақ айбланган 2,3 мингга яқин киши оқланди, адашиб жиноят йўлига кириб қолганлиги сабабли озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилиниши мумкин бўлган 3,5 мингдан ортиқ ёшлар ва хотин-қизларга маҳалла ва жамоатчилик кафилликлари асосида енгилроқ жазолар тайинланиб, ўз оилалари бағрида қолдирилди, инсон ҳуқуқларини қўпол тарзда бузган 60 нафар ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари жиноий жавобгарликка тортилди [1]. Ўзбекистон Республикасида судъялик мақомига эга бўлиш ўз ўрнида ўта оғир масъулият ва жавобгарлик юкланган шарафли лавозимлардан бири ҳисобланади. Албатта, Ўзбекистон Республикасида судъялик лавозимига номзодларни танлаш, тайёрлаш судъяларнинг малакасини ошириш ҳамда судъялик лавозимидан озод этишга доир қонунчиликда белгиланган тартиб ва талаблар, шунингдек ушбу жараёнинг амалда ишлаш меҳанизми малакатимизда судларнинг қонуний, одил ва сифатли фаолият юритишига узвий боғлиқдир. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 106-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритади[2]. Шу сабабдан ҳам Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонун нормалари билан судларга Ўзбекистон Республикаси номидан қарорлар қабул қилиш ва бошқа ҳеч бир давлат органида мавжуд бўлмаган ҳуқуқ ва ваколатлар суд ҳокимиятига ишониб топширилган. Ушбу ҳуқуқ ва ваколатлардан виждонан фойдаланиш, одил судловни амалга оширишда қонунийликни бузилиши, жамият манфаатларига зарар етиши, масъулиятсизлик ва ўзбошимчаликни олидини олиш ҳамда судяъларнинг мустақиллигини таминлаш ўртасидаги ўзаро мувозанатни таъминловчи асосий меҳанизмлардан бири бу судъяларнинг жавобгарлиги жумладан, судъяларнинг интизмий жавобгарлиги ҳисобланади. Бир вақтнинг ўзида судъяларнинг мустақиллигини таъминлаш ва уларни интизомий жавобгарликка тортиш осон иш эмас[3, Б. 117]. Судъяларни интизмий жавобгарликка тортиш масаласи ўта қийин ва мураккаб масала ҳисобланиб, судъяларни интизмий жавобгарликка тортиш меҳанизми ўз меёридан кўра таъсирчан ишлаб кетиши бевосита судъяларнинг мустақиллигига ўз таъсирини ўтказиши мумкин. Бу эса одил судловни амалга ошираётган судъянинг низоларни ўз ички ишончи ва қонун устуворлигига таяниб ҳал қилишига салбий таъсир кўрсатади. Судлар ўзларига қонунда белгиланган ваколатлардан виждонан фойдаланиши, ишларни кўриб чиқишда қонунийликни узвий таъминлаши, инсон тақдирини ҳал этишда шахснинг мулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилиши ва қабул қилинаётган суд ҳужжати бўйича жавобгарликни ҳис қилишга мажбур. Шу билан бир қаторда, судъялар томонидан одил судловни амалга оширишда қонунийликни бузилиши, ишни ташкил этишдаги процессуал хатолар натижасида ишда иштирок этувчи шахслар ҳуқуқларининг бузилиши, судяларнинг бепарволиги ёки интизомсизлиги ва судъяларнинг одоби кодекси талабларини бузиш ҳолатлари тўғридан-тўғри одил судловни амалга оширишда ўз таъсини кўрсатаётганлигини инобатга олиб, ҳозирги демократик ҳуқуқий давлатимизда судъяларнинг интизомий жавобгарлиги ҳамда судъяларни ўринли интизомий жавобгарликка тортиш меҳанизмини такомиллаштириш масаласи долзарблигича қолмоқда[4, Б. 11-15 ]. Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида судъяларни интизомий жавобгарликка тортиш тартиби 2021 йил 28 июлдаги ЎРҚ-703-сонли Ўзбекистон Республикаси “Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг 74-77-моддалари ҳамда 2014 йил 22 апрелдаги ЎРҚ-368-сонли “Судьяларнинг малака ҳайъатлари тўғрисидаги низомга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан тасдиқланган “Судьяларнинг малака ҳайъатлари тўғрисида”ги Низом талабларида белгилаб ўтилган. Ўзбекистон Республикаси “Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг 74-моддасига асосан, судья фақат тегишли судьялар малака ҳайъати қарорига биноан қуйидаги ҳолларда интизомий жавобгарликка тортилиши мумкин: одил судловни амалга ошириш чоғида қонунийликни бузганлиги учун; суд ишини ташкил этишда бепарволиги ёки интизомсизлиги оқибатида йўл қўйган камчиликлари учун; судьялик шаъни ва қадр-қимматига доғ туширадиган ҳамда суднинг обрўсини туширадиган ножўя хатти-ҳаракат содир этганлиги учун; Судьялар одоби кодекси талабларини бузганлиги учун. Суд қарорининг бекор қилиниши ёки ўзгартирилишининг ўзи, суд қарорини чиқаришда қатнашган судьянинг, агар у атайлаб қонун бузилишига ёки жиддий оқибатларга олиб келган виждонсизликка йўл қўймаган бўлса, жавобгар бўлишига сабаб бўлмаслиги кўрсатиб ўтилган. Бироқ, қонунчилик юқоридаги нормада судъя томонидан одил судловни амалга ошириш чоғида қонунийликни бузганлиги ёки ишни ташкил этишдаги бепарволиги ва интизомсизлиги айнан қандай ҳолларда ва қандай талаблар асосида баҳоланиб интизомий жавобгарликка тортилиши тўғрисида тушунча бериб ўтмаган. Шунингдек, бу масала бирор бир ички низом ёки йўриқнома билан тартибга солинмаган. Ушбу ноаниқлик, судларнинг малака ҳайъатлари томонидан судъяга нисбатан интизомий жавобгарлик чорасини кўриш жараёнида Ўзбекистон Республикаси “Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг 74-моддасида белгиланган нормаларни нотўғри шарҳланишига ҳамда ножўя хатти-ҳарактни турлича талқин этишга олиб келиши мумкинлиги инобатга олинмаган. Ўзбекистон Республикаси “Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг 74-моддаси судъяларни интизомий жавобгарликка тортиш асосларидан бири сифатида судъя томонидан одил судловни амалга ошириш чоғида қонунийликни бузилиши деб кўрсатилган. Биламизки, тарафлар агар қабул қилинган суд ҳужжатидан норози бўлса, апелляция ёки кассация тартибида юқори суд инстанциясига шикоят билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Агар судъя ишни кўриш чоғида қонунда белгиланган моддий ёки процессуал ҳуқуқ нормаларини бузганлиги шикоятни кўриш чоғида аниқланса ва ўз тасдиғини топса мазкур суд қарори юқори инстанция суди томонидан бекор қилинади. Суд қарорининг юқори инстанция суди томонидан бекор қилинганлиги, судъя томонидан қонунчилик нормаларини яъни ўрнатилган моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари бузилиб қарор қабул қилинганлигидан далолат беради. Бироқ ушбу ҳолатда нотўғри қарор қабул қилган судъяга нисбатан интизомий жавобгарлик чораси қўлланилмайди. Юқоридаги ҳолатда Ўзбекистон Республикаси “Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг 74-моддасида белгиланган судъяларни интизомий жавобгарликка тортиш асослари назарий ва амалий жиҳатдан мукаммал тарзда ишлаб чиқилмаганлигидан далолат беради. Яъна бир яққол мисол сифатида судъяларни интизомий жавобгарликка тортиш асосларидан бири сифатида судъянинг суд ишини ташкил этишда бепарволиги ёки интизомсизлиги оқибатида йўл қўйган камчиликлари учун интизомий жавобгарликка тортиш мумкинлиги кўрсатилган. Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 155-моддаси, 2-бандига асосан даъво аризаси имзоланмаган бўлса ёки уни имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс ёхуд мансаб мавқеи ёки фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилмаган шахс томонидан имзоланган бўлса судъя даъво ариза ва унга илова қилинган ҳужжатларни аризачига қайтариши лозимлиги кўрсатиб ўтилган. Мазкур ҳолатда даъво ариза иш юритишга қабул қилинмаганлиги сабабли даъвогарга нисбатан давлат божи қўлланилмайди. Бироқ мазкур даъво аризадаги хатолик (камчилик) судъя томонидан иш юритишга қабул қилгандан сўнг суд муҳокамаси давомида аниқланса, судъя томонидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининиг 107-моддаси, 3-қисмига асосан даъво ариза кўрмасдан қолдирилиб, даъвогарга нисбатан давлат божи ундирилади. Юқоридаги ҳолатда судъя даъво аризадаги камчиликларни иш юритишга қабул қилиш жараёнида, яъни ўз вақтида аниқламаганлиги сабабли даъвогарга нисбатан давлат божи келиб чиқмоқда. Ушбу вазиятда судъянинг хатти-ҳаракатларини ишни ташкиллаштиришдаги бепарволик деб баҳолаш мумкин. Лекин амалиётни кузатсак қонунчилик судъя томонидан йўл қўйилган шу турдаги камчиликларга нисбатан судъяларга интизомий жавобгарликни қўллашни назарда тутмаганлигини кўришимсиз мумкин. Шуни қайд этиб ўтиш лозимки, Ўзбекистон Республикасида юриспруденция йўналишида судъяларнинг интизомий жавобгарлиги, мазкур жавобгарлик турининг муаммолари, ишлаш меҳизми, назария ва амалиёт ҳозирги кунга қадар атрофлича ўрганилмаган. Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси “Судлар тўғрисида”ги Қонунда судъяларни жавобгарликка тортиш асослари, интизомий иш қўзғатиш, жазо чоралари ҳамда интизомий жазо чорасини қўллаш тўғрисидаги қарор устидан шикоят қилиш каби нормалар белгиланган бўлсада, ҳеч бир қонун ҳужжатда судъяларни интизомий жавобгарлиги тушунчасига таъриф берилмаган, интизомий жавобгарлик таркиби ишлаб чиқилмаган, унинг белгилари ўрганилмаган, судъяларни интизомий жавобгарликка тортиш муддатлари ўрнатилмаган ҳамда судъяларни интизомий жавобгарликка тортиш тартиби етарлича ишлаб чиқилмаган. Ушбу бўшлиқлар амалиётда судъяларни ноҳақ жавобгарликка тортилишига ёки жавобгарлик ҳолати келиб чиққан бўлсада, судъяларни жавогарликка тортилмаслик ҳолатларини келиб чиқишига олиб келиши турган гап. Мазкур ҳолат нафақат судъяларни интизомий жавобгарликка тортишнинг амалиётдаги муаммолари эканлигидан балки, судъяларни интизомий жавобгарликка тортиш меҳанизмининг назарий жиҳатдан ҳам муаммолари мавжудлигидан далолат беради. Судъялар мустақиллиги институтининг асосий таркибий қисмларидан бири бу судъяларни интизомий жавобгарликка тортишнинг алоҳида тартиби мавжудлигидадир. Судъяларни интизмий жавобгарликка тортиш ва унинг ташкилий-ҳуқуқий меҳанизмининг ноаниқлиги ва номувофиқлиги суд тизимидаги интизомий жавобгарлик амалиётининг беқарорлигидан ва судъяларни интизомий жавобгарликка тортиш масаласини қайта кўриб чиқиш долзарблигини олдиндан белгилаб беради [5, Б. 4-8]. Судъяларни интизмий жавобгарликка тортиш масаласини бир ҳуқуқ институти сифатида тушунадиган бўлсак, мазкур институтнинг асосий вазифаси сифатида одил судловни амалга ошириш орқали фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш деб айтишимиз мумкин [6, Б. 64]. Юриспруденция фани соҳасидаги бир гуруҳ олимларнинг фикрича судъяларнинг интизомий жавобгарлиги бир қанча ҳуқуқ соҳасидаги ҳуқуқий институт нормалари билан тартибга солишини лозим[7, Б. 70]. Жумладан ҳуқуқшунос олим Д.Н.Бахрахнинг фикрича судъяларнинг интизомий жавобгарлиги меҳнат ҳуқуқи, маъмурий ҳуқуқ, жиноят-ижроия ҳуқуқи ва судъяларнинг жавобгарлиги белгиланадиган ҳуқуқ нормалари билан тартибга солиниши лозимлиги айтиб ўтилган [8, Б. 10-15]. Назарий жиҳатдан ва амалдаги қонунчилигимизда ўрнатилган ҳуқуқ нормаларидан келиб чиққан ҳолда, юридик жавобгарликнинг тўртта турини яъни жиноий, фуқаролик, маъмурий ва интизомий жавобгарлик турларини қайт этишимиз мумкин. Судъяларнинг интизмоий жавобгарлиги жазо чоралари ва жавобгарликни келтириб чиқарувчи асосларининг маълум бир белгилари билан меҳнат қонунчилигида назарда тутилган интизомий жавобгарлик табиатига хос бўлсада, судъянинг махсус субъект эканилиги, судъя билан меҳнат шартномаси тузилмаслиги, уларни интизомий жавобгарликка тортишнинг тартиби қонунчиликда алоҳида белгиланганлиги ва судъяларда дахлсизлик ҳуқуқи мавжуд бўлганлиги сабабли меҳнат қонунчилигидаги интизомий жавобгарлик туридан ажралиб туради. Бир қанча ҳуқуқшуногс олимлар жумладан, Ю.С.Адушкин, М.Б.Баглай, А.Д.Бойков, Н.В.Витрук, А.А.Власов, Ю.А.Дмитрев, В.В.Дорошков каби олимлар юқоридаги фарқли жиҳатларнинг энг асосий сабаби судъяларнинг махсус субъект эканлигида деб, фикр билдиришади [9, Б. 24-26]. Яна бир қатор олимлар Е.И.Козлова, А.А.Кондрашев, О.Е.Кутафин, М.О.Сапуноваларнинг фикрига кўра судъяларнинг интизомий жавобгарлигининг ҳуқуқий асоси конституциявий ҳуқуқ нормаларидан келиб чиққан десалар, С.Н.Эреминойнинг фикрича судъяларнинг интизомий жавобгарлигининг ҳуқуқий асоси меҳнат қонунчилиги нормаларидан ташкил топган деб фикр билдиради[10, Б. 4-16]. Бизнинг фикримизча, судъяларнинг интизомий жавобгарлигининг субъекти махсус субъект бўлганлиги, судъялар томонидан интизомий қонунга хилоф қилмиш содир этилиши ижтимой хавфлилк даражаси юқори бўлганлиги ва бевосита одил судловга таъсир кўрсатиши мумкинлиги сабабли судъяларнинг интизомий жавобгарлиги учун жазо чораларини қўллаш қисми маъмурий ҳуқуқ ва жиноят-ижроия ҳуқуқи нормалари асосидан ташкил топган бўлиши ва тартибга солиниши лозим деб ҳисоблаймиз. Шунингдек, судяларнинг интизмий жавобгарлиги бевосита қонунда белгиланган судъялик фаолиятини амалга оширишдаги хизмат вазифаларини бузиши орқали келиб чиқишини инобатга олиб, судъяларни интизомий жавобгарликка тортиш асослари меҳнат ҳуқуқи нормалари асосидан ташкил топган бўлиши ва тартибга солиниши мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз. Бироқ шуни қайд этиб ўтиш лозимки, судъяларнинг интизомий жавобгарлиги тўлиқ меҳнат ҳуқуқи нормалари асосидан ташкил топганлиги борасидаги фикрларга қўшилиш мумкин эмас. Чунки судъяларнинг интизмий жавобгарлигининг меҳнат ҳуқуқидаги интизомий жавобгарлик билан ўхшаш жиҳатлари кўп бўлганлигидан ҳоли равишда бир қатор фарқли жиҳатлари ҳам мавжуд ва булар қуйидагилардир: -меҳнат қонунчилигидаги интизомий жавобгарлик иш берувчи ва ходим ўртасида тузилган меҳнат шартномаси мавжуд бўлган ҳоллардагина вужудга келади, бироқ судъя ўз вазифасига киришганида у билан меҳнат шартномаси тузилмайди; -меҳнат қонунчилигида интизомий жавобгарлик меҳнат шартномаси шартларидан, ходимнинг лавозим йўриқномаси ва корхонанг ички меёрий ҳужжатларида белгиланган мажбуриятларни бузилиши оқибатида пайдо бўлади, яъни меҳнат ҳуқуқида интизмий жавобгарлик ходим томонидан ўз хизмат вазифаларини амалга ошириш вақтидаги хато ва камчиликлари натижасида интизмий жавобгарлик келиб чиқади, аммо судъяларнинг интизомий жавобгарлиги судъялик фаолиятидан ҳоли бўлган вақтда содир этилган судьялик шаъни ва қадр-қимматига доғ туширадиган, суднинг обрўсини туширадиган ножўя хатти-ҳаракат содир этганлиги учун ёки судъялар одоб кодексида белгиланган талабларни бузганлиги учун ҳам интизомий жавобгарликка тортилиши мумкин. - меҳнат қонунчилигида интизомий жазо чораси сифатида хайфсан, жарима ёки меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш каби интизомий жазо чоралари белгиланган бўлиб, ходимнинг ножўя хатти-ҳаракатлари учун иш берувчи томонидан бериладиган огоҳлантириши меҳнат қонунчилигида интизмий жазо чораси ҳисобланмайди, бироқ Ўзбекистон Республикаси “Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг 74-моддаси ва бошқа МДҲ давлатлари қонунчилигида огоҳлантириш судъяларга нисбатан қўлланиладиган интизомий жазо чораси сифатида белгилаб ўтилган. Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида судъяларнинг интизомий жавобгарлиги тушунчасига таъриф бериб ўтилмаган. Мисол учун, Россия федерациясининг 2013 йил 2 июлдаги 179-ФЗ-сонли “Россия Федерациясида судъяларнинг мақоми тўғрисида”ги Қонунининг 12.1.-моддасида судъяларнинг интизомий жавобгарлиги тушунчасига аниқ таъриф бериб ўтилган унга кўра, интизомий жавобгарлик деганда судъя томонидан хизмат вазифасини амалга ошираётган вақтда ёки хизмат вазифасидан ҳоли бўлган вақтда содир этган айбли ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги натижасида ушбу қонун нормалари ва судъяларнинг одоб кодекси талабларининг бузилиши оқибатида судьялик шаъни ва қадр-қимматига доғ туширадиган ҳамда суднинг обрўсини туширадиган ножўя хатти-ҳаракатнинг содир этилиши деб таъриф бериб ўтилган [11]. Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида юридик жавобгарлик қонун ёки шартнома шартларини бузишдан ёки зарар етказишдан келиб чиқиши мумкинлиги белгиланган. Лекин ҳеч бир норматив ҳужжатда судъяларнинг интизомий жавобгарлиги таркиби белгилаб қўйилмаган. Мисол учун Жиноят кодексида жиноят таркиби, Маъмурий жавобгарлик кодексида маъмурий жавобгарлик таркиби аниқ кўрсатиб ўтилган. Албатта, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида ҳам судъяларнинг интизомий жавобгарлигининг таркиби ва белгилари аниқ ва равшан белгилаб қўйилиши мамлакатимизда одил судловни амалга оширишга ўзининг ижобий таъсирини кўрсатган бўлар эди. Ҳуқуқшунос олим В.К.Ауловнинг фикрича, судъяларнинг интизомий жавобгарлиги мавжуд қонун нормалари ва судъяларниг одоб кодекси талаблари асосида судъяларга юкланган хизмат вазифлари ва мажбуриятларидан, жамият манфаатларини инобатга олган ҳолда судъялар томонидан содир этилган интизмий қилмиш учун белгиланадиган жазо чоралари ва уларни жавобгарликка тортиш меҳанизми мажмуйидан ташкил топган деб ҳисоблайди[12, Б. 10-15]. Биз мазкур фикрга тўлиқ қўшилган ҳолда, юқоридаги фикр ва мулоҳазаларни умумлаштириб, бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида судъяларни интизомий жавобгарликка тортиш меҳанизими амалий ва назарий жиҳатдан такомиллаштиршга муҳтож бўлган ҳуқуқий институт бўлиб қолаётганлигини инобатга олиб ушбу институтни такомиллаштириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси “Судлар тўғрисида”ги Қонунга судъяларнинг интизомий жавобгарлиги тушунчаси ва судъяларнинг интизомий жавобгарлиги таркибини белгиловчи нормалар билан тўлдириш, шунингдек “Судьяларнинг малака ҳайъатлари тўғрисидаги низомга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан тасдиқланган “Судьяларнинг малака ҳайъатлари тўғрисида”ги Низомини судъяларни интизмоий жавобгарликка тортиш тушунчаси, таркиби ва белгиларини, интизомий жавобгарликка тортиш муддатлари ва бошқа элементларини аниқ белгилаб берадиган ҳуқуқ нормалари билан тўлдириш орқали мазкур жавобгарлик туринининг аниқ ва адолатли ишлаш меҳанизмини йўлга қўйиш таклифини берамиз.

Блог-пост отражает личное мнение адвоката и носит общий информационный характер. По конкретной ситуации проконсультируйтесь с адвокатом напрямую.
Все блог-постыОткрыть профиль адвоката →