Бош саҳифа/Адвокатлар/Мақолалар
Advokat KeraK
Солиқ ҳуқуқи

ЖИНОЯТ КОДЕКСИНИНГ 184-МОДДАСИ: СОЛИҚ ТЎЛАШДАН БЎЙИН ТОВЛАГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК КУЧАЙТИРИЛДИ

Муаллиф: Шоядбек Расулов20 окт, 20261
ЖИНОЯТ КОДЕКСИНИНГ 184-МОДДАСИ: СОЛИҚ ТЎЛАШДАН БЎЙИН ТОВЛАГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК КУЧАЙТИРИЛДИ
ЖК 184-модда бўйича жавобгарлик кучайтирилди, миқдорлар янгиланди.

ЖИНОЯТ КОДЕКСИНИНГ 184-МОДДАСИ: СОЛИҚ ТЎЛАШДАН БЎЙИН ТОВЛАГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК КУЧАЙТИРИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 184-моддасига 2026 йилда муҳим ўзгартиришлар киритилди. Ушбу ўзгартишлар солиқларни ёки йиғимларни тўлашдан қасддан бўйин товлаганлик учун жиноий жавобгарлик чораларини қайта белгилади.

Қонунчиликдаги асосий янгилик — айрим ҳолатларда озодликдан маҳрум қилиш жазоси 7 йилгача етиши мумкин.

1. Қонунчиликдаги сўнгги ўзгаришлар

2026 йил 17 апрелдаги ЎРҚ-1131-сон Қонун билан Жиноят кодексининг 184-моддаси янги таҳрирда баён этилди. Мазкур ўзгартишлар 2026 йил 19 июлдан кучга кирди.

Янги таҳрирда солиқларни тўлашдан бўйин товлаганлик учун жазолар оғирлик даражасига қараб қайта белгиланди.

2. Қандай жазолар назарда тутилган?

Биринчи қисм. Маъмурий жазо қўлланилганидан кейин анча миқдорда солиқ тўлашдан қасддан бўйин товлаш учун БҲМнинг 100 бараваридан 150 бараваригача жарима, икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилиши мумкин.

Иккинчи қисм. Қилмиш такроран ёки кўп миқдорда содир этилган бўлса, БҲМнинг 200 бараваридан 300 бараваригача жарима, икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд озодликдан маҳрум қилиш назарда тутилган.

Учинчи қисм. Солиқ тўлашдан бўйин товлаш жуда кўп миқдорда содир этилган бўлса, БҲМнинг 300 бараваридан 600 бараваригача жарима ёки беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилиши мумкин.

Жазонинг аниқ тури ва миқдори қилмишнинг ҳолатлари ҳамда қонун талабларидан келиб чиқиб белгиланади.

3. Қандай ҳаракатлар жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин?

Қонунчиликда қуйидаги қасддан содир этилган ҳаракатларга алоҳида эътибор қаратилади:

* фойда ёки даромадни яшириш; * солиқ солинадиган бошқа объектларни яшириш ёки камайтириб кўрсатиш; * солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан қасддан бўйин товлаш.

Бунда жиноий жавобгарлик масаласи фақат солиқ қарзи мавжудлиги билан эмас, балки қилмишнинг қасддан содир этилгани, миқдори ва қонунда назарда тутилган бошқа шартлар билан ҳам боғлиқ.

4. Солиқ қарзини тўлаш жавобгарликдан озод қиладими?

Бу масалада қонунчиликда муҳим кафолатлар мавжуд.

Агар қасддан яширилган ёки камайтириб кўрсатилган фойда бўйича солиқлар ва йиғимлар тўлиқ тўланса, озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш жазолари қўлланилмайди.

Шунингдек, жиноятни биринчи марта содир этган шахс давлатга етказилган зарарни, жумладан солиқлар, йиғимлар, пенялар ва бошқа молиявий санкцияларни терговга қадар текширув, тергов ёки биринчи инстанция суди босқичида, суд маслаҳатхонага киргунига қадар тўлиқ қопласа, жавобгарликдан озод қилиниши мумкин.

Демак, зарарни қоплаш масаласи ҳимоя стратегиясида муҳим аҳамиятга эга. Бироқ ҳар бир ҳолатда қонундаги шартлар тўлиқ бажарилгани текширилиши лозим.

5. Солиқ тўловчилар нималарга эътибор қаратиши керак?

Тадбиркорлик субъектлари бухгалтерия ва солиқ ҳисоботларининг тўғри юритилишига, даромадлар ва солиқ солинадиган объектларнинг ҳаққоний акс эттирилишига алоҳида эътибор қаратишлари зарур.

Агар солиқ органлари томонидан қоидабузарлик аниқланган бўлса, унинг ҳуқуқий баҳосини, ҳисоб-китобларнинг тўғрилигини, қасд мавжудлигини ва етказилган зарар миқдорини текшириш муҳимдир.

Хулоса: Жиноят кодексининг 184-моддасига киритилган янги ўзгартишлар солиқ тўлашдан қасддан бўйин товлаганлик учун жавобгарликни кучайтирди. Шу билан бирга, зарарни қоплаш орқали жавобгарликдан озод бўлишга оид қоидалар ҳам сақланиб қолди.

Ҳар бир ишда айбловнинг қонунийлиги, жиноят таркиби ва шахснинг ҳуқуқлари алоҳида таҳлил қилиниши лозим.

Ҳуқуқий асос: Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 17 апрелдаги ЎРҚ-1131-сон Қонуни ва Жиноят кодексининг 184-моддаси.

Ушбу мақола адвокатнинг шахсий фикри бўлиб, умумий маълумот учун. Аниқ ҳолат бўйича адвокат билан бевосита маслаҳатлашинг.
Барча мақолаларАдвокат профилини очиш →