Махфийлик сиёсати
«Advokat Kerak» онлайн-платформаси (advokatkerak.uz)
1. Умумий қоидалар
1.1. Ушбу Махфийлик сиёсати (кейинги ўринларда — «Сиёсат») «Адвокат Керак» онлайн-платформаси фойдаланувчиларининг шахсга доир маълумотларини йиғиш, уларга ишлов бериш, сақлаш ва ҳимоя қилиш тартибини белгилайди. Платформа деганда advokatkerak.uz веб-сайти, @ADVOKAT_KERAK_bot Telegram боти ва Telegram ичидаги мини-илова (кейинги ўринларда биргаликда — «Платформа») тушунилади.
1.2. Шахсга доир маълумотлар мулкдори ва оператори — якка тартибдаги тадбиркор Маматқулова Дилоромхон Умаровна (Тадбиркорлик субектларининг ягона давлат реестрига 2026-йил 31-октябрда 8098131-сон ёзув билан киритилган; кейинги ўринларда — «Оператор»). Оператор реквизитлари 14-бўлимда келтирилган.
1.3. Сиёсат қуйидаги ҳужжатларга мувофиқ ишлаб чиқилган:
- Ўзбекистон Республикаси Конституцияси;
- Ўзбекистон Республикасининг 2019-йил 2-июлдаги ЎРҚ-547-сон «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги Қонуни (кейинги ўринларда — «Қонун»);
- Ўзбекистон Республикасининг 2003-йил 11-декабрдаги 560-II-сон «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги Қонуни;
- Ўзбекистон Республикасининг 2022-йил 29-сентябрдаги ЎРҚ-792-сон «Электрон тижорат тўғрисида»ги Қонуни;
- шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш соҳасидаги бошқа қонун ҳужжатлари.
1.4. Рўйхатдан ўтиш, Telegram бот ёки мини-иловадан фойдаланиш ёхуд Платформадан бошқача тарзда фойдаланиш орқали фойдаланувчи Сиёсат билан танишганини ва ўз шахсга доир маълумотларига Сиёсатда кўрсатилган мақсадларда, шу жумладан 7-бўлимда кўрсатилган трансчегаравий узатиш билан, ишлов берилишига розилик билдиради. Розилик берилган сана ва Сиёсат таҳрири Платформада қайд этилади.
1.5. Фойдаланувчи Сиёсат шартларига рози бўлмаса, Платформадан фойдаланишни тўхтатиши лозим.
1.6. Платформа юридик ёрдам кўрсатмайди. Юридик ёрдамни Платформада рўйхатдан ўтган, мустақил фаолият юритувчи адвокатлар кўрсатади. Адвокат мурожаат орқали ўзига маълум бўлган маълумотларни қонун ҳужжатлари ва адвокатлик сири талабларига мувофиқ сақлайди ва улар учун мустақил жавоб беради.
2. Асосий тушунчалар
Шахсга доир маълумотлар — муайян жисмоний шахсга тегишли бўлган ёки уни идентификация қилиш имконини берадиган, электрон тарзда, қоғозда ва (ёки) бошқа моддий жисмда қайд этилган ахборот.
Ишлов бериш — шахсга доир маълумотларни йиғиш, тизимлаштириш, сақлаш, ўзгартириш, тўлдириш, улардан фойдаланиш, уларни бериш, тарқатиш, узатиш, эгасизлантириш ва йўқ қилиш бўйича бир ёки бир неча ҳаракат.
Фойдаланувчи — Платформадан фойдаланувчи ҳар қандай жисмоний шахс: Ишонч билдирувчи, Адвокат ёки сайтга ташриф буюрувчи.
Ишонч билдирувчи — юридик ёрдам излаб Платформа орқали мурожаат юборувчи шахс.
Адвокат — лицензияси текширилиб, Платформада рўйхатдан ўтган адвокат.
Мурожаат — Ишонч билдирувчи Платформа орқали юборган ёзма сўров ёки қўнғироқ сўрови.
Cookie-файллар — веб-сайт томонидан фойдаланувчи қурилмасида сақланадиган кичик ҳажмдаги маълумотлар.
3. Йиғиладиган маълумотлар таркиби
3.1. Барча фойдаланувчилардан:
- фамилия, исм (тўлиқ исм-шариф);
- телефон рақами;
- Telegram идентификатори, фойдаланувчи номи ва Telegram профилидаги исм (Telegram орқали киришда);
- электрон почта манзили (Google ҳисоби орқали киришда);
- профил сурати (мавжуд бўлса);
- интерфейс тили ва фойдаланувчи роли (Ишонч билдирувчи ёки Адвокат).
3.2. Ишонч билдирувчидан қўшимча равишда:
- мурожаат матни, тоифаси, ҳудуди (вилоят, туман ёки шаҳар) ва тили;
- қўнғироқ сўралганда — боғланиш учун телефон рақами ва изоҳ;
- мурожаат ҳолати: қайси Адвокатга юборилгани, Адвокат уни очиб кўргани, жавоб бергани ёки бошқа Адвокатга ўтказгани;
- Адвокатга қўйилган баҳо ва шарҳ.
3.3. Адвокатдан қўшимча равишда:
- адвокатлик лицензияси (гувоҳномаси) рақами ва уни тасдиқловчи ҳужжат сурати (ҳужжат сурати фақат текшириш учун олинади ва оммага кўрсатилмайди);
- ихтисослик йўналишлари, иш тажрибаси, фаолият ҳудуди (вилоят, туман), мулоқот тиллари;
- «Ҳақида» матни, офис манзили, иш вақти ва харитадаги жойлашуви;
- ижтимоий тармоқ саҳифалари ҳаволалари (Facebook, Instagram, YouTube);
- тақдимот видеоси (Адвокат уни Telegram бот орқали юборганда);
- блог постлари;
- обуна тарифи (Стандарт ёки VIP), обунанинг бошланиш ва тугаш саналари, обуна тўловлари тарихи;
- рейтинг баллари, жавоб бериш кўрсаткичлари ва бошқа статистик кўрсаткичлар.
3.4. Платформадан фойдаланиш жараёнида:
- Ишонч билдирувчи ва Адвокат ўртасидаги, шунингдек адвокатлар ўртасидаги чат ёзишмалари, хабарларнинг юборилган ва ўқилган вақти;
- шикоятлар ва Операторга юборилган мурожаатлар мазмуни;
- Telegram бот билан мулоқот (танланган буйруқ ва тугмалар);
- Адвокат профилини кўришлар ва ижтимоий тармоқ ҳаволаларини босишлар сони (фақат умумий сон сифатида, кўрувчини аниқламасдан ҳисобланади).
3.5. Тўлов маълумотлари. Пуллик хизматлар учун тўлов Раҳмат тўлов хизмати («MULTICARD PAYMENT» АЖ) саҳифасида амалга оширилади. Оператор банк картасининг тўлиқ рақами, амал қилиш муддати ва ҳимоя кодини (CVV/CVC) олмайди ва сақламайди. Оператор тўлов хизматидан фақат қуйидагиларни олади: буюртма рақами, хизмат тури, сумма, тўлов ҳолати ва вақти, тўлов тизими номи, картанинг яширилган рақами (масалан, 8600 **** **** 1234) ва электрон фискал чек ҳаволаси. Пуллик консультация учун карта боғланганда Оператор Раҳмат берган карта токенини (карта рақами эмас) сақлайди: у суммани блоклаш, ечиш ёки блокни бекор қилиш учун ишлатилади; Ишонч билдирувчи сақланган картани исталган вақтда ўчириши мумкин.
3.5¹. Адвокатлик тузилмаси маълумотлари. Пуллик консультация қабул қилмоқчи бўлган Адвокат ўзи аъзо бўлган Адвокатлик тузилмасининг номи, СТИР, Раҳмат тўлов хизматига топширилган уланиш аризасининг рақами ва алоқа телефонини юборади. Тузилманинг банк реквизитлари ва раҳбарининг маълумотларини тузилма раҳбари Раҳмат тўлов хизматига ўзи тақдим этади; Платформа уларни сўрамайди.
3.6. Автоматик тарзда (техник воситалар ёрдамида):
- IP-манзил, қурилма ва браузер тури, операцион тизим;
- кириш санаси ва вақти, кўрилган саҳифалар, сайтга қайси манбадан келингани;
- реклама манбаси белгилари: UTM теглари, реклама клик идентификаторлари (fbclid, gclid, yclid ва бошқалар), Meta пикселининг cookie-файллари (_fbp, _fbc) ҳамда сайтдан Telegram ботга ўтишда яратиладиган тасодифий белги;
- cookie-файллар ва шунга ўхшаш технологиялар орқали олинадиган маълумотлар (6-бўлим).
3.7. Оператор ирқий ёки этник келиб чиқиш, сиёсий қарашлар, диний эътиқод, соғлиқ ҳолати каби махсус тоифадаги маълумотларни, шунингдек биометрик ва генетик маълумотларни мақсадли йиғмайди. Профил сурати ва тақдимот видеоси шахсни биометрик идентификация қилиш учун ишлатилмайди. Фойдаланувчи махсус тоифадаги маълумотни мурожаат ёки чатда ўз хоҳиши билан ёзса, у фақат юридик ёрдам олиш мақсадида тегишли Адвокатга етказилади.
4. Ишлов бериш мақсадлари
4.1. Шахсга доир маълумотларга қуйидаги мақсадларда ишлов берилади:
- фойдаланувчини идентификация қилиш, рўйхатдан ўтказиш ва ҳисобга киришни таъминлаш;
- мурожаатни мос Адвокатга йўналтириш, Ишонч билдирувчи ва Адвокат ўртасидаги алоқани таъминлаш;
- адвокатлар каталогини юритиш ва Адвокатнинг очиқ профилини кўрсатиш;
- адвокатлик лицензиясини текшириш;
- рейтинг, баҳо ва шарҳлар тизимини юритиш;
- обуна ва бошқа пуллик хизматларни кўрсатиш, тўловни қабул қилиш, фискал чек бериш, бухгалтерия ва солиқ ҳисобини юритиш;
- пуллик консультация суммасини Ишонч билдирувчи картасида блоклаш, ечиш ва Раҳмат тўлов хизмати орқали Адвокатлик тузилмаси ҳисобига ўтказиш;
- Telegram орқали билдиришномалар юбориш (янги мурожаат, жавоб, обуна муддати, тўлов ҳолати ва бошқалар);
- шикоятларни кўриб чиқиш, қоидабузарлик, фирибгарлик ва спамнинг олдини олиш;
- Платформа ишини таҳлил қилиш, хатоларни аниқлаш ва хизмат сифатини ошириш;
- реклама самарадорлигини ўлчаш (6-бўлим);
- қонун ҳужжатларида белгиланган мажбуриятларни бажариш.
4.2. Оператор шахсга доир маълумотларга кўрсатилган мақсадларга зид равишда ишлов бермайди ва уларни сотмайди.
5. Ишлов беришнинг ҳуқуқий асослари
5.1. Ишлов беришнинг ҳуқуқий асослари:
- фойдаланувчининг розилиги (Қонуннинг 21-моддаси);
- фойдаланувчи тараф бўлган Оммавий оферта шартларини бажариш зарурати;
- Оператор зиммасидаги қонун ҳужжатлари талаблари, жумладан солиқ ва бухгалтерия ҳисоби талаблари.
5.2. Фойдаланувчи розиликни исталган вақтда қайтариб олиши мумкин (10-бўлим). Розилик қайтариб олингач, Платформа хизматларидан фойдаланиш имкони бўлмаслиги мумкин.
6. Cookie-файллар, аналитика ва реклама воситалари
6.1. Платформа cookie-файллардан авторизация сессиясини сақлаш, тил ва интерфейс созламаларини эслаб қолиш, статистика юритиш ва реклама самарадорлигини ўлчаш учун фойдаланади.
6.2. Сайтда қуйидаги учинчи томон воситалари ишлатилади:
- Google Analytics (Google LLC) — ташрифлар статистикаси;
- Yandex Metrika («YANDEX» МЧЖ) — ташрифлар статистикаси, босишлар харитаси ва Вебвизор (саҳифадаги босиш, скролл ва сичқонча ҳаракатларини ёзиб олиш);
- Meta пиксели (Meta Platforms Ireland Ltd) — саҳифа кўрилиши ва Telegram ботга ўтишни реклама натижаси сифатида қайд этиш.
6.3. Ишонч билдирувчи мурожаат яратганда Оператор сервери Meta компаниясига Conversions API орқали «мурожаат яратилди» ҳодисасини юборади. Бунда телефон рақами ва фойдаланувчи идентификатори каби белгилар фақат қайтариб тиклаб бўлмайдиган SHA-256 хеш кўринишида, шунингдек _fbp/_fbc белгилари, IP-манзил ва браузер маълумоти узатилади. Мурожаат матни узатилмайди.
6.4. Фойдаланувчи браузер созламалари орқали cookie-файлларни ўчириши ёки блоклаши, реклама блокировкалаш воситаларидан фойдаланиши мумкин; бунда Платформанинг айрим функсиялари (масалан, тизимга кириш) ишламаслиги мумкин.
7. Маълумотларни учинчи шахсларга бериш
7.1. Платформа ишлаши учун маълумотлар Оператор топшириғи билан ишлов берувчи қуйидаги хизмат кўрсатувчиларга берилади:
- Supabase Inc. — маълумотлар базаси, аутентификация ва файлларни сақлаш (серверлар Ҳиндистонда);
- Vercel Inc. — веб-иловани жойлаштириш (серверлар Германияда);
- Telegram FZ-LLC — Telegram орқали кириш, бот ва билдиришномалар;
- Google LLC — Google ҳисоби орқали кириш, Google Analytics, Адвокат тақдимот видеоларини YouTube платформасида жойлаштириш;
- «YANDEX» МЧЖ — Yandex Metrika ва офис жойлашувини кўрсатувчи Yandex хариталари;
- Meta Platforms Ireland Ltd — реклама самарадорлигини ўлчаш (6-бўлим);
- Upstash Inc. — сўровлар частотасини чеклаш (IP-манзил асосида);
- «MULTICARD PAYMENT» АЖ (Раҳмат тўлов хизмати; Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2021-йил 12-майдаги 26-сон лицензияси) — тўловни қабул қилиш, карта токени бўйича суммани блоклаш, ечиш ва тақсимлаш, электрон фискал чек бериш; Адвокатлик тузилмасининг номи, СТИР ва уланиш аризаси рақами тузилмани Раҳматга улаш ва тўловни тузилма ҳисобига ўтказиш учун берилади.
7.2. 7.1-банддаги хизмат кўрсатувчиларнинг айримлари серверлари Ўзбекистондан ташқарида (жумладан Ҳиндистон, Германия, АҚШ, Ирландия ва БАА ҳудудида) жойлашган. Фойдаланувчи Сиёсатни қабул қилиш орқали Қонуннинг 15-моддасига мувофиқ маълумотларининг ушбу давлатларга трансчегаравий узатилишига розилик билдиради.
7.3. Қонуннинг 27¹-моддасига кўра Ўзбекистон ҳудудида сақланиши шарт бўлган биометрик ва генетик маълумотлар Платформада йиғилмайди. Бошқа маълумотлар хорижда сақланганда Оператор хизмат кўрсатувчилар билан маълумотларга ишлов бериш шартномалари (DPA) асосида ишлайди; улар халқаро ахборот хавфсизлиги стандартларига (масалан, ISO/IEC 27001, SOC 2 Type II) мувофиқлигини мустақил аудитда тасдиқлаган.
7.4. Платформа ичида маълумотлар қуйидагича кўринади:
- Ишонч билдирувчининг исми ва мурожаати (матн, тоифа, ҳудуд, тил) мурожаат йўналтирилган Адвокатга кўрсатилади; қўнғироқ сўралганда телефон рақами ҳам шу Адвокатга берилади;
- «Барча адвокатларга» хизмати орқали юборилган мурожаатда Ишонч билдирувчининг исми ва тумани адвокатларга кўрсатилмайди, фақат ҳудуди (вилоят, Қорақалпоғистон Республикаси ёки Тошкент шаҳри) кўрсатилади;
- Адвокатнинг телефон рақами Ишонч билдирувчиларга ва бошқа адвокатларга кўрсатилмайди, алоқа Платформа чати орқали олиб борилади;
- Адвокатнинг очиқ профили (исм-шариф, сурат, ихтисослик, ҳудуд, тажриба, тиллар, лицензия рақами, «Ҳақида» матни, офис манзили, ижтимоий тармоқлар, тақдимот видеоси, блог постлари, рейтинг, шарҳлар, профил кўришлар сони, VIP белгиси) ҳар қандай ташриф буюрувчига, шунингдек қидирув тизимлари ва сунъий интеллект хизматларига очиқ;
- шарҳ муаллифнинг қисқартирилган исми билан эълон қилинади;
- Ишонч билдирувчи ўз мурожаати қайси Адвокатда эканини, Адвокат уни очиб кўрган-кўрмаганини ва бошқа Адвокатга ўтказиш изоҳини кўради.
7.5. Тўлов бўйича фискал маълумотлар (хизмат номи, сумма, сана) қонун ҳужжатларига мувофиқ тўлов хизмати орқали солиқ органларига узатилади. Шахсга доир маълумотлар ваколатли давлат органларига фақат қонун ҳужжатларида белгиланган асослар ва тартибда берилади.
8. Маълумотларни сақлаш муддати
8.1. Шахсга доир маълумотлар ишлов бериш мақсадига эришилгунга қадар, одатда фойдаланувчи ҳисоби мавжуд бўлган даврда сақланади.
8.2. Фойдаланувчи ҳисобини ўчирганда (кабинетдаги ҳисобни ўчириш функсияси ёки Операторга мурожаат орқали) унинг профили, мурожаатлари, чат ёзишмалари ва шарҳлари йўқ қилинади. Бундан қуйидагилар мустасно: тўлов ва фискал ҳужжатлар бухгалтерия ҳисоби ва солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган муддат давомида сақланади; низони ҳал этиш учун зарур маълумотлар низо ҳал бўлгунича сақланади.
8.3. Платформада обуна тўлови жорий этилгандан кейин обуна муддати тугаган ва 90 кун ичида узайтирилмаган Адвокат профили унга оид маълумотлар билан бирга автоматик ўчирилади (8.2-банддаги истиснолар бундан мустасно).
8.4. Сервер журналлари ва аналитика маълумотлари тегишли хизмат кўрсатувчиларнинг сақлаш муддатлари давомида сақланади.
8.5. Пуллик консультация учун сақланган карта токени Ишонч билдирувчи картани ёки ҳисобини ўчиргунча сақланади. Адвокатлик тузилмаси маълумотлари Адвокат пуллик консультация қабул қилишни тўхтатгунча, сўнгра бухгалтерия ҳисоби учун қонун ҳужжатларида белгиланган муддат давомида сақланади.
9. Маълумотларни ҳимоя қилиш чоралари
9.1. Оператор шахсга доир маълумотларни рухсатсиз кириш, ўзгартириш, ошкор этиш ёки йўқ қилишдан ҳимоя қилиш учун қуйидаги ҳуқуқий, ташкилий ва техник чораларни қўллайди:
- барча уланишларни HTTPS (TLS) протоколи орқали шифрлаш;
- маълумотлар базаси даражасида киришни чеклаш (Row Level Security): ҳар бир фойдаланувчи фақат ўзига рухсат этилган маълумотни кўради, Адвокат телефон рақами бошқа фойдаланувчилардан база даражасида ёпилган;
- банк картаси маълумотлари фақат тўлов хизматининг PCI DSS талабларига мос саҳифасида киритилади ва Оператор серверларига тушмайди;
- тўлов хизматидан келадиган хабарномаларнинг рақамли имзосини текшириш;
- хизмат калитлари ва махфий параметрларни ҳимояланган муҳитда сақлаш;
- сўровлар частотасини чеклаш ва автоматлаштирилган ҳужумлардан ҳимоя;
- маъмурий кириш ҳуқуқини зарур доира билан чеклаш.
9.2. Интернет орқали маълумот узатишнинг мутлақ хавфсизлигини ҳеч ким кафолатлай олмаслигини инобатга олиб, фойдаланувчи ҳисобга кириш воситаларини (жумладан Telegram ва Google ҳисобларини) сир сақлашга ўзи ҳам масъулдир.
10. Фойдаланувчининг ҳуқуқлари
10.1. Қонуннинг 30-моддасига мувофиқ фойдаланувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:
- ўз маълумотларига ишлов берилаётгани ҳақида билиш, ишлов беришнинг ҳуқуқий асоси, мақсади, усуллари, маълумотлар таркиби, сақлаш муддати, маълумот берилган шахслар ва трансчегаравий узатиш ҳақида ахборот олиш;
- нотўғри, тўлиқ бўлмаган ёки эскирган маълумотларни тузатишни талаб қилиш;
- маълумотларини йўқ қилишни (ҳисобни ўчиришни) талаб қилиш;
- розилик бериш ва уни қайтариб олиш;
- тўлиқ бўлмаган, эскирган, қонунга хилоф олинган ёки зарур бўлмай қолган маълумотларга ишлов беришни тўхтатиб туришни талаб қилиш;
- автоматлаштирилган қарорга эътироз билдириш;
- ўз ҳуқуқлари бузилганда ваколатли давлат органига ёки судга мурожаат қилиш.
10.2. Бу ҳуқуқларни амалга ошириш учун фойдаланувчи 14-бўлимдаги алоқа каналлари орқали «Шахсга доир маълумотлар» мавзуси билан мурожаат қилади. Нотўғри маълумотлар мурожаат олинган кундан бошлаб уч кун ичида тузатилади. Ахборот бериш рад этилса, сабаби ўн кун ичида ёзма (шу жумладан электрон) шаклда маълум қилинади. Розилик қандай шаклда берилган бўлса, шундай шаклда ёки ёзма (электрон) шаклда қайтариб олинади. Ҳисобни кабинетнинг ўзидан ҳам ўчириш мумкин.
10.3. Платформа айрим қарорларни автоматлаштирилган тарзда қабул қилади:
- мурожаатни йўналтириш: оддий мурожаат бир вақтда фақат битта Адвокатга юборилади; Адвокат мурожаатда кўрсатилган вилоят доирасида, мурожаат тили ҳисобга олинган ҳолда танланади — мурожаат бошқа вилоят адвокатларига юборилмайди;
- Адвокатни танлаш навбати: аввал мурожаатда кўрсатилган туман ёки шаҳардаги Адвокат, сўнгра вилоят марказидаги ва вилоятнинг бошқа адвокатлари; бир босқич ичида жавоб бериш фаоллиги, рейтинг ва мурожаатларни адвокатлар ўртасида адолатли тақсимлаш тамойили ҳисобга олинади;
- Адвокат Платформада эълон қилинган муддат ичида (муддат фаол соатларда, Тошкент вақти билан ҳисобланади) жавоб бермаса ёки мурожаатни асослантирилган изоҳ билан ўтказса, мурожаат навбатдаги мос Адвокатга ўтади ва аввалги Адвокат уни кўра олмайди; барча мос адвокатлар навбатдан ўтгач, навбат қайтадан бошланиши мумкин; мос Адвокат қолмаса, Оператор Ишонч билдирувчи билан боғланади;
- «Барча адвокатларга» хизмати ёқилган бўлса, мурожаат бир вақтда барча мос адвокатларга юборилади; VIP тарифдаги адвокатлар уни бошқалардан 30 дақиқа олдин кўради;
- бир Ишонч билдирувчининг бир ҳудуддаги охирги 7 кун ичида юборилган очиқ мурожаатлари (масалан, ёзма мурожаат ва қўнғироқ сўрови) битта мурожаат сифатида бирлаштирилади ва битта Адвокатга юборилади;
- Платформада обуна тўлови жорий этилгандан кейин фаол обунаси бўлмаган Адвокатга янги мурожаат юборилмайди; обуна тугаганидан 24 соат ўтгач профил каталогдан яширилади, 90 кун ичида узайтирилмаса ўчирилади;
- адвокатлар рейтинги (шу жумладан ойлик рейтинг) жавоб тезлиги ва фаоллиги, Ишонч билдирувчилар баҳолари, блог постлари, VIP тариф ҳамда Платформада эълон қилинган бошқа мезонлар асосида автоматик ҳисобланади; муддатида жавоб берилмаган мурожаат учун ойлик рейтингдан Платформада эълон қилинган миқдорда балл айирилади;
- Ишонч билдирувчи ёпмаган мурожаат 10 иш кунидан сўнг автоматик ёпилади.
Фойдаланувчи бундай қарорлар юзасидан 14-бўлимдаги алоқа каналлари орқали эътироз билдириши мумкин. Эътироз ўн кун ичида кўриб чиқилади ва натижаси фойдаланувчига маълум қилинади.
11. Вояга етмаганлар
11.1. Платформа хизматлари 18 ёшга тўлган шахсларга мўлжалланган. Оператор вояга етмаганларнинг шахсга доир маълумотларини била туриб йиғмайди. Вояга етмаган шахс маълумот тақдим этгани аниқланса, бундай маълумотлар ўчирилади.
12. Сиёсатга ўзгартиришлар киритиш
12.1. Оператор Сиёсатга бир томонлама тартибда ўзгартириш киритиши мумкин. Янги таҳрир Платформада эълон қилинган пайтдан кучга киради, унинг санаси Сиёсат бошида кўрсатилади. Муҳим ўзгаришлар ҳақида фойдаланувчилар Платформа ёки Telegram орқали қўшимча хабардор қилиниши мумкин.
12.2. Фойдаланувчи ўзгаришлар эълон қилинганидан кейин Платформадан фойдаланишни давом эттирса, янги таҳрирни қабул қилган ҳисобланади.
13. Масъул шахс
13.1. Қонуннинг 31-моддасига мувофиқ шахсга доир маълумотларга ишлов бериш ва уларни ҳимоя қилиш учун Операторнинг ўзи — якка тартибдаги тадбиркор Маматқулова Дилоромхон Умаровна масъул. Мурожаатлар info@advokatkerak.uz манзилига «Шахсга доир маълумотлар» мавзуси билан юборилади.
14. Оператор реквизитлари ва алоқа
- Платформа: «Advokat Kerak» — advokatkerak.uz
- Оператор: якка тартибдаги тадбиркор Маматқулова Дилоромхон Умаровна
- Давлат рўйхатидан ўтказилган: 31.10.2026, Тадбиркорлик субъектларининг ягона давлат реестридаги ёзув № 8098131 (Асака тумани давлат хизматлари маркази)
- Электрон почта: info@advokatkerak.uz
- Телефон: +998 93 701 11 01, +998 77 017 44 22
- Telegram: t.me/advokatkerakuz, бот: @ADVOKAT_KERAK_bot