Оммавий оферта

«Advokat Kerak» онлайн-платформаси хизматларидан фойдаланиш тўғрисидаги фойдаланувчи келишуви

Амал қилиш санаси: 2026-йил 9-июл • Таҳрир: 2.4 (2026-йил 22-ноябр)

Ушбу ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 367 ва 369-моддаларига мувофиқ оммавий оферта ҳисобланади ва «Адвокат Керак» онлайн-платформасини (кейинги ўринларда — «Платформа») юритувчи якка тартибдаги тадбиркор Маматқулова Дилоромхон Умаровнанинг (кейинги ўринларда — «Маъмурият») ҳар қандай жисмоний шахсга Платформадан фойдаланиш хизматларини қуйида баён этилган шартларда кўрсатиш ҳақидаги расмий таклифидир. Маъмурият реквизитлари 14-бўлимда келтирилган.

1. Атамалар ва таърифлар

Платформа — advokatkerak.uz веб-сайти, @ADVOKAT_KERAK_bot Telegram боти ва Telegram мини-иловасидан иборат дастурий таъминот бўлиб, юридик ёрдамга муҳтож шахслар ва адвокатларга бир-бирини топиш, мурожаат юбориш ва ёзишиш учун онлайн воситаларни тақдим этади.

Маъмурият — Платформани юритувчи ва ушбу Оферта бўйича хизмат кўрсатувчи якка тартибдаги тадбиркор Маматқулова Дилоромхон Умаровна.

Ишонч билдирувчи — юридик ёрдам олиш мақсадида Платформада рўйхатдан ўтган жисмоний шахс.

Адвокат — Ўзбекистон Республикасининг «Адвокатура тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлган ҳамда Платформада рўйхатдан ўтган шахс.

Фойдаланувчи — Ишонч билдирувчи ва Адвокатнинг умумий номланиши, шунингдек Платформага ташриф буюрган ҳар қандай шахс.

Аксепт — ушбу Оферта шартларини тўлиқ ва сўзсиз қабул қилиш.

Шахсий кабинет — фойдаланувчининг Платформадаги ҳимояланган шахсий саҳифаси.

Пуллик хизматлар — 4-бўлимда кўрсатилган, Маъмурият ҳақ эвазига кўрсатадиган дастурий хизматлар.

Адвокатлик тузилмаси — «Адвокатура тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ ташкил этилган адвокатлик бюроси, адвокатлик фирмаси, адвокатлар ҳайъати ёки юридик маслаҳатхона.

Пуллик консультация — Ишонч билдирувчи Платформа орқали буюртма қиладиган ва Адвокат телефон орқали берадиган юридик консультация (4¹-бўлим).

Блок — тўлов суммасини Ишонч билдирувчининг банк картасида ечмасдан вақтинча банд қилиш; сумма фақат 4¹-бўлимда назарда тутилган ҳолда ечилади, акс ҳолда блок бекор қилинади.

2. Оферта предмети

2.1. Маъмурият Фойдаланувчиларга Платформадан фойдаланиш бўйича қуйидаги дастурий хизматларни кўрсатади:

  • Адвокатларнинг очиқ профиллари (ихтисослик, ҳудуд, тажриба, рейтинг, шарҳлар) жойлаштирилган каталогдан фойдаланиш;
  • Ишонч билдирувчи мурожаатини мос Адвокатга автоматик йўналтириш;
  • Ишонч билдирувчи ва Адвокат ўртасида ички чат орқали бевосита алоқа ўрнатиш;
  • Адвокатларга профил жойлаштириш ва обуна асосида мурожаатларни қабул қилиш имконияти;
  • рейтинг, баҳолаш ва шарҳлар тизими;
  • Ишонч билдирувчига Адвокатдан телефон орқали пуллик консультация буюртма қилиш ва унинг ҳақини Раҳмат тўлов хизмати орқали тўлаш имконияти (4¹-бўлим);
  • Telegram орқали билдиришномалар олиш.

2.2. МУҲИМ: Платформа адвокатлик тузилмаси эмас, адвокатлик фаолияти билан шуғулланмайди, юридик хизмат кўрсатмайди ва юридик маслаҳат бермайди. Платформа фақат Ишонч билдирувчи ва Адвокат ўртасида алоқа ўрнатиш учун техник имконият яратади.

2.3. Юридик ёрдам кўрсатиш бўйича муносабатлар бевосита Ишонч билдирувчи ва Адвокат ўртасида, Платформанинг иштирокисиз, улар ўртасидаги алоҳида келишув асосида вужудга келади. Платформа бундай келишувнинг тарафи ҳисобланмайди. Пуллик консультацияда Маъмурият фақат буюртма бериш ва тўлов учун дастурий воситани тақдим этади; консультация ҳақи Раҳмат тўлов хизмати орқали тўғридан-тўғри Адвокатлик тузилмаси ҳисобига ўтади.

3. Офертани аксепт қилиш тартиби

3.1. Фойдаланувчининг Платформада рўйхатдан ўтиши (Google ёки Telegram ҳисоби орқали тизимга кириши ва профилни тўлдириши) ушбу Офертанинг тўлиқ ва сўзсиз аксепти ҳисобланади ҳамда Фуқаролик кодексининг 370-моддасига мувофиқ шартнома тузилганига тенглаштирилади.

3.2. Аксепт билан Фойдаланувчи шунингдек Платформанинг Махфийлик сиёсати шартларини қабул қилади ва ўз шахсга доир маълумотларини қайта ишлашга розилик билдиради.

3.3. Рўйхатдан ўтиш орқали Фойдаланувчи 18 ёшга тўлганлигини ва муомала лаёқатига эга эканлигини тасдиқлайди.

3.4. Пуллик хизматга ҳақ тўлаш ушбу Офертанинг тегишли шартларини қабул қилиш ҳисобланади. Адвокат обуна тўловидан олдин Оферта билан танишганини алоҳида белги билан тасдиқлайди.

4. Хизматлар нархи ва ҳисоб-китоб тартиби

4.1. Ишонч билдирувчи учун рўйхатдан ўтиш, мурожаат ва қўнғироқ сўровини юбориш ҳамда Адвокат билан ёзишиш бепул, 4¹-бўлимда назарда тутилган пуллик консультация бундан мустасно.

4.2. Маъмурият қуйидаги пуллик хизматларни кўрсатади:

  • Адвокат обунаси, Стандарт тариф — 30 кун учун 99 000 (тўқсон тўққиз минг) сўм;
  • Адвокат обунаси, VIP тариф — 30 кун учун 250 000 (икки юз эллик минг) сўм; VIP тарифда профил алоҳида белги билан ажратилади, «Барча адвокатларга» мурожаатлари Адвокатга бошқалардан 30 дақиқа олдин кўрсатилади ва ойлик рейтингга 500 балл қўшилади;
  • «Барча адвокатларга» хизмати (Ишонч билдирувчининг ёзма мурожаатини бир вақтда барча мос адвокатларга юбориш) — 25 000 (йигирма беш минг) сўм; мурожаат тўлов тасдиқлангандан кейин юборилади. Адвокат мурожаатни «Иш ҳал бўлди» деб белгилаганидан кейин 14 соат ичида Ишонч билдирувчи «Иш ҳал бўлмади» деб эътироз билдирмаса, мурожаат ёпилади; ҳар қандай ҳолатда мурожаат келиб тушган пайтдан бошлаб 3 сутка ўтгач автоматик ёпилади.

4.3. Адвокатлар мурожаатларни обуна асосида қабул қилади. Обуна фақат лицензияси Маъмурият томонидан тасдиқланган Адвокатга берилади.

4.4. 2026-йил 13-ноябргача (шу кун ҳам киради) рўйхатдан ўтган Адвокатга лицензияси Маъмурият томонидан тасдиқланган кундан бошлаб 90 (тўқсон) кунлик, 2026-йил 14-ноябрдан 31-декабргача (шу кунлар ҳам киради) рўйхатдан ўтган Адвокатга эса 30 (ўттиз) кунлик бепул муддат берилади. 2027-йил 1-январдан бошлаб рўйхатдан ўтган Адвокатларга бепул муддат берилмайди — обуна тўлови биринчи ойдан амалга оширилади.

4.5. Офертанинг 1.1-таҳрири кучга киргунга қадар (2026-йил 11-октябргача) рўйхатдан ўтган Адвокатлар учун обуна 2027-йил 1-мартгача бепул. Шу муддатдан кейин обуна 4.2-бандда кўрсатилган нархда давом эттирилади.

4.6. Обуна автоматик узайтирилмайди ва картадан пул автоматик ечиб олинмайди: ҳар бир давр алоҳида тўланади. Обуна (шу жумладан бепул муддат) тугагач:

  • 24 соат давомида профил каталогда кўринади, бироқ Адвокатга янги мурожаат юборилмайди ва мавжуд мурожаатларга жавоб ёзиш тўхтатилади;
  • сўнгра профил каталогдан яширилади (музлатилади);
  • обуна тугаганидан кейинги 31–60-кунларда тиклашда обуна нархига профил маълумотларини сақлаш ҳақи сифатида 50 000 сўм, 61–90-кунларда 100 000 сўм қўшилади;
  • 90 кун ичида тикланмаган профил унга оид маълумотлар билан бирга ўчирилади.

4.7. 4.2 ва 4.6-бандларда назарда тутилган тўловлар Маъмурият Платформада тўлов қабул қилишни ишга туширган кундан бошлаб қўлланилади. Ишга тушириш санаси Платформада ва Telegram орқали олдиндан эълон қилинади. Унгача Платформадан фойдаланиш учун ҳақ олинмайди.

4.8. Тўлов Раҳмат тўлов хизмати («MULTICARD PAYMENT» АЖ) орқали Uzcard, Humo, Visa, Mastercard карталари ва тўлов хизмати қўллаб-қувватлайдиган бошқа усуллар билан амалга оширилади. Нархлар сўмда кўрсатилган ва якуний ҳисобланади. Ҳар бир тўлов учун электрон фискал чек берилади. Хизмат тўлов тасдиқланган заҳоти фаоллашади.

4.9. Пулни қайтариш тартиби:

  • тўлов ўтган, бироқ техник сабаб билан хизмат кўрсатилмаган бўлса (обуна фаоллашмаган ёки мурожаат адвокатларга юборилмаган) ёхуд битта хизмат учун тўлов икки марта ечилган бўлса, сумма тўлиқ қайтарилади;
  • хизмат кўрсатилгандан кейин (обуна фаоллашгач ёки мурожаат адвокатларга юборилгач) тўлов қайтарилмайди, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;
  • қайтариш учун Фойдаланувчи буюртма рақами ёки тўлов санаси ва суммасини кўрсатиб, info@advokatkerak.uz манзилига ёки 14-бўлимдаги бошқа каналлар орқали мурожаат қилади; мурожаат 10 иш куни ичида кўриб чиқилади;
  • пул тўлов қилинган усулда (ўша картага) қайтарилади; пулнинг картага тушиш муддати банк қоидаларига боғлиқ.

4.10. Маъмурият келгусида бошқа пуллик хизматларни жорий этиши мумкин. Бундай хизматларнинг тавсифи, нархи ва тўлов тартиби Платформада олдиндан эълон қилинади ҳамда ушбу Офертага тегишли ўзгартиришлар киритилади. Нарх ўзгариши аллақачон тўланган даврга таъсир қилмайди. Пуллик хизматлардан фойдаланиш Фойдаланувчининг ихтиёрий танловидир.

4.11. Ишонч билдирувчи ва Адвокат ўртасидаги юридик хизматлар учун ҳақ тўлаш масалалари улар ўртасида мустақил ҳал этилади; Платформа бундай ҳисоб-китобларда иштирок этмайди ва улар учун жавобгар эмас. Бундан 4¹-бўлимдаги пуллик консультация мустасно: унинг ҳақи Платформа орқали тўланади, бироқ Маъмурият ҳисобидан ўтмайди.

4¹. Пуллик консультация

4¹.1. Пуллик консультация — Ишонч билдирувчи Платформа орқали буюртма қиладиган ва Адвокат телефон орқали берадиган юридик консультация. Юридик ёрдамни Адвокат (у аъзо бўлган Адвокатлик тузилмаси) кўрсатади; Маъмурият юридик ёрдам кўрсатмайди ва консультация мазмуни учун жавобгар эмас.

4¹.2. Пуллик консультация турлари ва нархи:

  • Адвокат профилидаги нарх бўйича консультация — нархни Адвокат ўзи белгилайди (камида 50 000 сўм), нарх профилда ва буюртма ойнасида кўрсатилади;
  • ҳудудий кафолатли қўнғироқ — 50 000 (эллик минг) сўм; сўров Ишонч билдирувчи танлаган ҳудуд ва тилда пуллик консультация берадиган Адвокатларга навбат билан юборилади.

4¹.3. Ишонч билдирувчи кўрсатилган нархдан ортиқ тўлов қилмайди. Маъмуриятнинг дастурий хизмат ҳақи (агар бўлса) Адвокат билан келишилган тартибда шу нарх ичидан ушлаб қолинади.

4¹.4. Тўлов тартиби:

  • Ишонч билдирувчи банк картасини Раҳмат тўлов хизмати саҳифасида SMS код билан боғлайди; картанинг тўлиқ рақами Платформага берилмайди, кейинги буюртмалар учун Раҳмат берган карта токени сақланади ва Ишонч билдирувчи уни исталган вақтда ўчириши мумкин;
  • буюртма берилганда консультация нархи картада 7 (етти) кунгача блокланади ва ечилмайди; шу пайтда сўров Адвокатга юборилади;
  • Адвокат консультация бергач буни Платформада белгилайди; Ишонч билдирувчи 24 соат ичида консультацияни тасдиқлайди ёки эътироз билдиради; тасдиқланганда ёки шу муддатда эътироз билдирилмаганда блокланган сумма картадан ечилади;
  • ечилган сумма Раҳмат тўлов хизматининг тақсимлаш (split) хизмати орқали тўғридан-тўғри Адвокатлик тузилмаси ҳисобига ўтказилади; Маъмурият улуши (агар бўлса) Маъмурият ҳисобига тушади; ҳудудий кафолатли қўнғироқда Маъмурият ҳақ олмайди;
  • ечилган тўлов учун Раҳмат тўлов хизмати электрон фискал чек беради.

4¹.5. Блок бекор қилинади ва сумма ечилмайди, агар 24 соат ичида консультация берилмаса, танланган Адвокат профили яширилса ёки у пуллик консультация қабул қилишни тўхтатса, эътироз Ишонч билдирувчи фойдасига ҳал этилса ёхуд блок муддати тугаса.

4¹.6. Эътироз билдирилганда Маъмурият томонлардан тушунтириш сўраб, блок муддати ичида қарор қабул қилади: консультация берилган деб топилса сумма ечилади, акс ҳолда блок бекор қилинади. Блок муддати ичида қарор қабул қилинмаса, банк блокни ўзи бекор қилади.

4¹.7. Ечилган консультация ҳақини қайтариш масалалари Ишонч билдирувчи ва Адвокат (Адвокатлик тузилмаси) ўртасида ҳал этилади. Техник хато (масалан, битта буюртма учун икки марта ечилиш) аниқланса, Маъмурият 4.9-банддаги тартибда қайтаришни ташкил этади.

4¹.8. Адвокат учун шартлар: пуллик консультация қабул қилиш учун Адвокат ўзи аъзо бўлган Адвокатлик тузилмасининг раҳбари Раҳмат тўлов хизматига уланиш аризасини ўзи топширади ва у билан алоҳида шартнома тузади. Адвокат шахсий кабинетда ариза рақами ва тузилма маълумотларини юборади ҳамда тузилма номидан иш кўришга ваколати борлигини тасдиқлайди. Уланиш тасдиқлангач Адвокат нарх белгилаши мумкин. Адвокатлик тузилмасига ўтадиган улуш ва бошқа шартлар шахсий кабинетда кўрсатилади ва Адвокат уларни алоҳида белги билан қабул қилади.

4¹.9. Пуллик консультация Маъмурият уни ишга туширган кундан бошлаб қўлланилади; унгача қўнғироқ сўрови бепул (4.1-банд).

5. Томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

5.1. Маъмурият мажбуриятлари:

  • Платформанинг ишлашини техник жиҳатдан таъминлаш (техник ишлар ва узрли сабабларга кўра узилишлар бундан мустасно);
  • Фойдаланувчиларнинг шахсга доир маълумотларини Махфийлик сиёсатига мувофиқ ҳимоя қилиш;
  • пуллик хизмат тўлови тасдиқлангач хизматни дарҳол фаоллаштириш ва электрон фискал чек бериш;
  • шикоятларни кўриб чиқиш ва қоидабузарликларга чоралар кўриш.

5.2. Маъмурият ҳуқуқлари:

  • Оферта шартларини бузган Фойдаланувчи ҳисобини огоҳлантиришсиз чеклаш, тўхтатиб туриш ёки бутунлай блоклаш;
  • жойлаштирилган маълумотларни (профил, шарҳ, хабар) қоидаларга зид бўлса ўчириш ёки таҳрирлаш;
  • хизматлардан фойдаланиш частотасига техник чекловлар (лимитлар) ўрнатиш;
  • Платформани такомиллаштириш, функсияларни ўзгартириш ёки бекор қилиш;
  • Адвокатнинг лицензия маълумотларини текшириш ва тасдиқланмагунча профилни фаоллаштирмаслик.

5.3. Фойдаланувчи мажбуриятлари:

  • рўйхатдан ўтишда ва профилда фақат ҳаққоний, тўлиқ ва долзарб маълумотларни тақдим этиш;
  • ҳисобга кириш воситаларини (Google/Telegram ҳисоблари) сир сақлаш ва учинчи шахсларга бермаслик;
  • Платформадан фақат қонуний мақсадларда фойдаланиш;
  • бошқа Фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш.

5.4. Адвокатнинг қўшимча мажбуриятлари:

  • амалдаги адвокатлик лицензиясига (гувоҳномасига) эга бўлиш ва унинг ҳақиқий маълумотларини кўрсатиш;
  • лицензия бекор қилинган ёки тўхтатилган тақдирда бу ҳақда Маъмуриятни дарҳол хабардор қилиш ва Платформадаги фаолиятни тўхтатиш;
  • касбий одоб-ахлоқ қоидаларига ва «Адвокатура тўғрисида»ги Қонун талабларига риоя этиш;
  • адвокатлик сири режимига риоя қилиш.

6. Тақиқланган ҳаракатлар

6.1. Фойдаланувчига қуйидагилар тақиқланади:

  • сохта, чалғитувчи маълумотлар тақдим этиш, ўзини бошқа шахс деб кўрсатиш, адвокат бўлмаган ҳолда адвокат мақомини даъво қилиш;
  • ҳақоратомуз, таҳдидли, туҳмат характеридаги, экстремистик ёки қонунга зид мазмундаги хабарлар юбориш;
  • спам тарқатиш, реклама жойлаштириш (Маъмурият розилигисиз), оммавий автоматлаштирилган сўровлар юбориш;
  • Платформанинг дастурий таъминотига зарар етказишга уриниш, хавфсизлик тизимларини четлаб ўтиш, бошқа фойдаланувчилар маълумотларига рухсатсиз киришга ҳаракат қилиш;
  • рейтинг ва шарҳлар тизимини сунъий равишда бузиш (сохта шарҳлар, келишилган баҳолаш);
  • Платформа контентини Маъмурият розилигисиз нусхалаш ва тижорат мақсадларида фойдаланиш.

6.2. Ушбу бўлим талаблари бузилганда Маъмурият ҳисобни вақтинча ёки доимий блоклаш, шу жумладан қайта рўйхатдан ўтишнинг олдини олиш чораларини қўллаш ҳуқуқига эга. Қонунбузарлик аломатлари мавжуд бўлса, материаллар ваколатли органларга тақдим этилиши мумкин.

7. Рейтинг, шарҳлар ва шикоятлар

7.1. Ишонч билдирувчилар Адвокат билан ҳақиқий мулоқотдан сўнг унга баҳо қўйиши ва шарҳ қолдириши мумкин. Адвокатнинг умумий рейтинги барча баҳолар асосида статистик усулда ҳисобланади.

7.2. Шарҳ мазмуни учун уни қолдирган Фойдаланувчи жавобгардир. Маъмурият қоидаларга зид шарҳларни ўчириш ҳуқуқига эга, бироқ шарҳларнинг обективлигини кафолатламайди.

7.3. Адвокат Ишонч билдирувчининг номақбул хатти-ҳаракати юзасидан Маъмуриятга шикоят юбориши мумкин. Шикоятлар Маъмурият томонидан кўриб чиқилади ва тасдиқланган қоидабузарлик учун Ишонч билдирувчи ҳисоби блокланиши мумкин.

8. Жавобгарликни чеклаш

8.1. Маъмурият юридик хизмат кўрсатмайди ва Ишонч билдирувчи билан Адвокат ўртасидаги келишувнинг тарафи эмас, шу сабабли қуйидагилар учун жавобгар эмас:

  • Адвокат томонидан кўрсатилган юридик хизматларнинг сифати, муддати, натижаси ва оқибатлари;
  • Фойдаланувчилар томонидан тақдим этилган маълумотларнинг ҳаққонийлиги (Маъмурият лицензия маълумотларини имкон қадар текширади, бироқ мутлақ кафолат бермайди);
  • Ишонч билдирувчи ва Адвокат ўртасидаги келишувлар, ҳисоб-китоблар ва низолар;
  • Фойдаланувчининг Платформадан фойдаланиш ёки фойдалана олмаслик натижасида кўрган билвосита зарарлари;
  • учинчи шахслар хизматларидаги (Google, Telegram, ҳостинг-провайдерлар) узилишлар.

8.2. Платформадаги ҳеч қандай маълумот юридик маслаҳат сифатида талқин этилмаслиги керак. Муайян ҳуқуқий вазият бўйича маслаҳатни фақат малакали Адвокат беради.

8.3. Фойдаланувчи Платформадан «борича» (as is) тамойили асосида фойдаланади. Маъмурият Платформанинг узлуксиз ва хатосиз ишлашини кафолатламайди, бироқ бунинг учун барча оқилона чораларни кўради.

8.4. Ҳар қандай ҳолатда Маъмуриятнинг Фойдаланувчи олдидаги жами жавобгарлиги қонун ҳужжатларида белгиланган доиралар билан чекланади.

9. Интеллектуал мулк

9.1. Платформанинг дастурий таъминоти, дизайни, логотипи, матнлари ва бошқа элементларига бўлган мутлақ ҳуқуқлар Маъмуриятга ёки унинг ҳуқуқ эгаларига тегишли бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг муаллифлик ҳуқуқи тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан ҳимояланади.

9.2. Фойдаланувчи ўзи жойлаштирган контент (профил маълумотлари, шарҳлар) юзасидан Платформа фаолияти доирасида кўрсатиш учун Маъмуриятга бепул, муддатсиз оддий (ноэксклюзив) лицензия беради.

10. Шахсга доир маълумотлар

10.1. Шахсга доир маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш ва ҳимоя қилиш тартиби Платформанинг Махфийлик сиёсатида белгиланган бўлиб, у ушбу Офертанинг ажралмас қисми ҳисобланади.

11. Форс-мажор

11.1. Томонлар енгиб бўлмас куч ҳолатлари (табиий офатлар, давлат органлари қарорлари, оммавий тартибсизликлар, электр ва алоқа тармоқларидаги кенг кўламли узилишлар ва бошқалар) туфайли мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун жавобгарликдан озод этилади.

12. Низоларни ҳал этиш тартиби

12.1. Ушбу Оферта юзасидан келиб чиқадиган низолар аввало музокаралар йўли билан ҳал этилади. Ёзма даъво (претензия) Маъмурият томонидан 15 (ўн беш) иш куни ичида кўриб чиқилади.

12.2. Келишувга эришилмаган тақдирда низолар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ суд тартибида ҳал этилади.

12.3. Ушбу Офертага Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги қўлланилади.

13. Офертанинг амал қилиши ва ўзгартирилиши

13.1. Оферта Платформада эълон қилинган пайтдан бошлаб кучга киради ва муддатсиз амал қилади.

13.2. Маъмурият Офертага бир томонлама тартибда ўзгартириш киритиш ҳуқуқига эга. Янги таҳрир эълон қилинган пайтдан кучга киради. Фойдаланувчи ўзгаришлардан кейин Платформадан фойдаланишни давом эттирса, янги шартларни қабул қилган ҳисобланади. Пуллик хизматлар нархи ўзгарса, янги нарх у эълон қилингандан кейин тўланадиган даврларга қўлланилади.

13.3. Фойдаланувчи исталган вақтда ҳисобини ўчириш орқали Офертадан бир томонлама воз кечиши мумкин.

13.4. Офертанинг бирор қоидаси ҳақиқий эмас деб топилса, бу қолган қоидаларнинг амал қилишига таъсир этмайди.

14. Маъмурият реквизитлари

  • Платформа: «Advokat Kerak» — advokatkerak.uz
  • Оператор: якка тартибдаги тадбиркор Маматқулова Дилоромхон Умаровна
  • Давлат рўйхатидан ўтказилган: 31.10.2026, Тадбиркорлик субъектларининг ягона давлат реестридаги ёзув № 8098131 (Асака тумани давлат хизматлари маркази)
  • Электрон почта: info@advokatkerak.uz
  • Телефон: +998 93 701 11 01, +998 77 017 44 22
  • Telegram: t.me/advokatkerakuz, бот: @ADVOKAT_KERAK_bot