Бош саҳифа/Адвокатлар/Мақолалар
Advokat KeraK
Бошқа

Тинтув ўтказиш ва шахсий тинтув

Муаллиф: Озодбек Нематиллаев18 окт, 20260
Тинтув ўтказиш ва шахсий тинтув
Тинтув ва шахсий тинтув ўтказишнинг ҳуқуқий асослари ва фарқи

Тинтув ва шахсий тинтув жиноят ишларини юритишда далилларни аниқлаш, жиноят қуроллари, жиноий йўл билан топилган мол-мулк, ҳужжатлар ҳамда иш учун аҳамиятли бўлган бошқа ашёларни топиш ва олиб қўйишга қаратилган процессуал ҳаракатлар ҳисобланади. Уларнинг асосий фарқи тинтув ўтказиладиган объект, ўтказиш тартиби ва процессуал асосларида намоён бўлади. Тинтув – жиноят ишини юритиш чоғида бирор-бир жойда (бинода, турар-жойда, бошқа хоналарда, жойларда ёки муайян шахсда) жиноятга алоқадор бўлиши мумкин бўлган ашёлар, ҳужжатлар, буюмлар ва қимматликларни, шунингдек қидирилаётган шахслар ҳамда жасадларни топиш мақсадида ўтказиладиган тергов ҳаракатидир. Тинтувнинг мақсади қидирилаётган ашёлар, ҳужжатлар, электрон маълумотлар, шунингдек қидирилаётган шахс ёки мурдани топишдан иборат. Шахсий тинтув эса, жиноят содир этишда гумон қилинаётган ёки айбланаётган шахснинг кийимида, танасида ёки унинг ёнидаги ашёларда яширилган далилларни топиш мақсадида ўтказиладиган процессуал ҳаракатдир. Тинтув ва шахсий тинтув қуйидагиларга кўра фарқланади. Тинтув: турар-жой, бино, иншоот, бошқа жой ёки муайян шахсда; иш учун аҳамиятли ашёлар, буюмлар, ҳужжатлар ва маълумотларни қидириш мақсадида; етарли маълумотлар ва қонунда белгиланган процессуал асослар мавжуд бўлганда; суд қарори билан ўтказилади. Тинтув мажбурий тарзда, манфаатдор бўлмаган камида икки нафар холислар иштирокида ўтказилади. Тинтув бошланишидан олдин тегишли шахс тинтув ўтказишга асос бўлган ҳужжат (суднинг қарори) билан таништирилади, сўнгра унга ўз ихтиёри билан қидирилаётган ашёларни топшириш таклиф қилинади. Шахсий тинтув: шахснинг (гумон қилинувчининг, айбланувчининг) кийими, ёнидаги буюмлари ва баданида; шахсда (гумон қилинувчида, айбланувчида) яширилган ашёлар, буюмлар ва ҳужжатларни аниқлаш мақсадида; ЖПК (162-моддаси)да назарда тутилган асосларга кўра, айрим ҳолларда алоҳида қарорсиз ўтказилади. Қонунчиликка кўра, шахсий тинтув фақат бир жинсдаги шахслар (ваколатли шахслар, холислар ҳам) томонидан ўтказилиши шарт. Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, тинтув ва шахсий тинтувнинг асосий фарқи текшириш объектидадир. Тинтувда жой ёки бино ва бошқа объектлар текширилса, шахсий тинтувда шахснинг ўзи, кийимлари ва ёнидаги буюмлари текширилади. Ҳар иккала процессуал ҳаракат ҳам қонун талабларига мувофиқ ўтказилиши, натижалари эса белгиланган тартибда баённомада расмийлаштирилиши шарт.

Ушбу мақола адвокатнинг шахсий фикри бўлиб, умумий маълумот учун. Аниқ ҳолат бўйича адвокат билан бевосита маслаҳатлашинг.
Барча мақолаларАдвокат профилини очиш →